Эрон прокуратураси ҳукуматга қарши намойишлар чоғида ўсмирнинг ўлими юзасидан тергов бошлади

Ника Шакрами. Twitter тармоғи фотосурати

Эрон прокуратураси Теҳрондаги намойишларнинг дастлабки кунларида ўсмир қиз Ника Шакрами (Nika Shakrami) нинг ўлими юзасидан тергов бошлади, деб ёзади The Guardian 6 октябрь куни. 16 ёшли Шакрами Ислом Республикасида мавжуд ҳукуматга қарши ҳаракатнинг тимсолларидан бирига айланди.

Фаолларнинг таъкидлашича, Шакрами намойишларнинг дастлабки кунларида, сентябрь ойи охирида хавфсизлик кучлари томонидан ўлдирилган. У бедарак йўқолганидан кейин оиласи уни бир неча кун қидирган. Натижада қиз ўлик ҳолда топилган.

Ҳукумат жамоатчиликнинг норозилиги кучайиб бораётганига жавобан тергов бошлаган. Расмийларнинг давлат матбуотига айтишича, қизнинг жасадида ўқ жароҳатлари бзўлмаган, унинг ўлими норозилик намойишлари билан боғлиқ эмас ва у томдан қулаган.

«Жиноят судида Ника Шакрами ўлими сабабларини текшириш учун иш очилди», — дейди Теҳрон прокурори Али Солиҳий (Ali Salehi).

Tasnim давлат ахборот агентлигининг хабар беришича, қизнинг ўлимига алоқадор саккиз киши ҳибсга олинган.

Эронда ҳукуматга қарши норозиликларга 22 ёшли Маҳса Аминийнинг ҳижобни нотўғри кийганликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг ўлгани сабаб бўлганди (Ислом Республикасида барча аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашлари шарт). Деярли уч ҳафтадан бери бутун мамлакат бўйлаб намойишлар давом этмоқда. Хавфсизлик кучлари итоатсизлик ҳаракатларини қаттиқ бостирмоқда. Намойишлар чоғида, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 154 киши ҳалок бўлган.

Намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб, этник ва синфий тафовутларни кесиб ўтгани сабабли, ҳукумат уларни бостириш учун саъй-ҳаракатларни кучайтирган. Расмийлар етакчисиз ҳаракатни хориж агентлари қўзғатганини иддао қилмоқдалар.

Университетлар сўнгги бир неча кун ичида ёшлар ва хавфсизлик кучлари ўртасида шиддатли тўқнашувлар содир бўлган жойлардан бирига айланган ва 5- ктябрь куни полиция бўлинмалари бир қанча шаҳарлар, жумладан, Теҳрондаги кампуслар атрофига жойлаштирилган.

«Теҳрон университети атрофида кўплаб хавфсизлик кучлари бор. Мен ҳатто кампусни тарк этишга қўрқаман. Талабаларни ҳибсга олиш учун ташқарида кўплаб полиция фургонлари кутиб турибди», — дейди пойтахтлик талабалардан бири.

Эрон расмийлари кўчаларда зўравонлик қўллашдан ташқари, норозилик намойишларини мувофиқлаштириш ва янгиликлар тарқатиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўхтатиш мақсадида интернетга киришни тўсиб қўйишга ҳаракат қилмоқда.

Шунингдек, ҳукумат ўзини қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли акцияларни ташкил этмоқда. Бундай акциялардан бири кеча Теҳрон шимолида бўлиб ўтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ