Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги 5 октябрь, чоршанба куни Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарованинг сўнгги баёноти муносабати билан Россиянинг республикадаги элчисини суҳбатга чақиради. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.
Унинг таъкидлашича, Захарованинг Украинанинг республикадаги элчиси ҳақидаги мулоҳазаси «тенг ҳуқуқли стратегик шериклар сифатида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари табиатига мос келмайди».
Шу билан бирга, Смадияров Украина Ташқи ишлар вазирлигидан Остонага янги элчи тайинлаш бўйича сўров келиб тушганини айтди. «Таъкидлашни истардимки, биз Украина томони билан бу масалада тўлиқ ўзаро тушунишга эгамиз», — деди у. Республиканинг Қозоғистондаги амалдаги элчиси Пётр Врублевский расман алмаштирилганидан кейин у мамлакатни тарк этади.
«Ҳеч ким унга [Қозоғистонга] киришни тақиқламаган ва тақиқламайди ҳам. Янги элчи тайинланганидан сўнг у мамлакатни тарк этади», — деб тушунтирди Смадияров.
Россия томони Врублевскийнинг «кўпроқ русларни ўлдириш» зарурлиги ҳақидаги сўзлари туфайли Қозоғистондан чиқариб юборишни талаб қилди. Бу баёнот Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди. Кейинроқ вазирлик Врублевский ўз сўзлари учун узр сўраганини айтди. 8 сентябрь куни Россия ОАВлари дипломатнинг расмийлар илтимосига кўра республикани тарк этгани ҳақида хабар берган эди, бироқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги бу маълумотни рад этиб, Украина элчиси таътилда эканлигини таъкидлади.
Кеча Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова шарҳида Остона Врублевский Қозоғистонни тарк этиши ва «ҳеч қачон қайтмаслиги» ҳақидаги ваъдаларини бажармаганини таъкидлаганди.
«Мазкур персонаж Қозоғистон пойтахтида яна пайдо бўлди ва «шунчаки ўз оиласини олиб кетиш» учун эмас. Яширинмай, у дипломатик миссия раҳбари сифатида дипломатик қабулларда қатнашмоқда, деди Захарова. «Юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олиб, 4 октябрь куни Қозоғистон Республикаси элчиси Ермек Кошербаев Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга бундай ҳолатга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги айтилди».
Мария Захарова Украина элчиси «миллатлараро тотувликка путур етказиш, дипломатик ахлоқ ва қонунларни қўпол равишда бузиш билан бирга, маданиятли хатти-ҳаракатларнинг барча доираларини бузгани»ни таъкидлади.
Россия томони Қозоғистоннинг Украина элчисини имкон қадар тезроқ мамлакатдан чиқариб юборишига умид қилади, дея хулоса қилди Мария Захарова.