Қозоғистоннинг Россиядаги элчиси Ермек Кошербаев 4 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилган ва унга Қозоғистон томони Украинанинг республикадаги элчиси Пётр Врублевский мамлакатдан чиқариб юборилмаганлиги билан боғлиқ вазият ноўрин эканлиги айтилган. Бу ҳақда Россия дипломатик департаменти расмий вакили Мария Захаровага асосланиб, ТАСС хабар беради.
Бундан олдин ижтимоий тармоқларда украиналик дипломат Россия Федерациясининг махсус ҳарбий операциясини шарҳлар экан: «Биз ҳозир русларни қанча кўп ўлдирсак, болаларимизга шунчалик кам иш қолади», деганига оид видео пайдо бўлганди. Бу баёнот Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг норозилигига сабаб бўлди. Кейинроқ вазирликнинг расмий вакили Айбек Смадияров Врублевский ўз сўзлари учун узр сўраганини айтди. 8 сентябрь куни Россия ОАВлари Пётр Врублевский расмийлар илтимосига кўра Қозоғистонни тарк этгани ҳақида хабар берди. Бироқ, Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қозоғистон дипломатни чиқариб юборишни талаб қилмагани, унинг таътилда эканини маълум қилди.
Мария Захарова ўз шарҳида таъкидлаганидек, Москва Украина элчиси атрофидаги вазиятнинг ривожланишига нисбатан ғазабда. Унинг сўзларига кўра, Остонанинг Врублевский Қозоғистонни тарк этиши ва «ҳеч қачон қайтмаслиги» ҳақидаги ваъдалари бажарилмаган.
«Мазкур персонаж Қозоғистон пойтахтида яна пайдо бўлди ва «шунчаки ўз оиласини олиб кетиш» учун эмас. Яширинмай, у дипломатик миссия раҳбари сифатида дипломатик қабулларда қатнашмоқда, деди Захарова. «Юқоридаги ҳолатларни ҳисобга олиб, 4 октябрь куни Қозоғистон Республикаси элчиси Ермек Кошербаев Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва унга бундай ҳолатга мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги айтилди».
Смоленская майдонидаги расмийлар томонидан 21 август куни Украина элчиси «имкон қадар кўпроқ россияликларни ўлдиришга қаратилган ғайриинсоний чақириқлар билан миллатлараро тотувликка путур етказгани билан ажралиб тургани ва шу билан дипломатик ахлоқ ва қонунларни қўпол равишда бузиш билан бирга, маданиятли хатти-ҳаракатларнинг барча доираларини бузгани» эслатилди.
Россия томони Қозоғистоннинг Украина элчисини имкон қадар тезроқ мамлакатдан чиқариб юборишига умид қилади, дея хулоса қилди Мария Захарова.