Россиялик пластик жарроҳ қонунни бузгани учун Қозоғистондан чиқариб юборилди

Роман Алфёров. polisia.kz сайти видеосидан скриншот

Россиялик пластик жарроҳ Роман Алферов Қозоғистондан чиқариб юборилди. Аввалига бу ҳақдаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, кейинроқ республика Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланди.

23 сентябрь куни Россия Федерацияси фуқароси «Қордай авто» назорат-ўтказиш пунктида МХҚ чегара хизмати ходимларига топширилди.

«Науризбой туман суди судясининг 2021 йил 27 июлдаги ҳал қилув қарори билан РФ фуқароси Р.Алферов Қозоғистон қонунчилигини бузганлик учун Олмаота шаҳри йўл патрули хизмати аризасига кўра Қозоғистон Республикаси чегарасидан чиқариб юборилган. Қарорни ўз ихтиёри билан бажариши учун 10 кун муҳлат берилган, бироқ хорижлик суд қарорини ижро этишдан турли йўллар билан бўйин товлаган, бир неча бор кассация шикояти берган ва касалхонада ётган. Шу билан бирга, Қозоғистонда бўлган вақтида у бир неча бор маъмурий ва бир марта жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қиламиз», — дейди Олмаота шаҳар полиция бошқармаси Миграция хизмати бошқармаси бошлиғи Асхат Бутунчинов.

2020 йил август ойида Олмаотадаги хусусий клиникалардан бирининг пластик жарроҳи Роман Алферов липосакциядан сўнг беморнинг ўлими туфайли икки йилу олти ойга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Тергов маълумотларига кўра, клиника директори лавозимида ишлаган Алферов ва унинг ҳамкасби анестезиолог-ревматологлар рухсатномасиз муддати ўтган таҳлиллар ва тиббий асбобдан фойдаланган ҳолда жабрланувчининг қорин ва сон қисмларида липосакция операциясини ўтказган. Операциядан сўнг бемор дарҳол умумий бўлимга ўтказилган. Навбатчи шифокор уни 19 соат давомида қаровсиз қолдирган. Натижада жабрланувчи геморрагик шок ва ўпка томирларининг ёғ эмболиясидан вафот этган.

Воқеа 2017 йил 9 декабрда юз берган, бироқ иш фақат 2019 йилнинг 5 ноябрида судга етиб келган. Жиноят иши бўйича даъво муддати ўтганлиги сабабли Алферов жазо муддатини ўтамаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ