Душанбе суди Мамадсултон Мавлоназаровни (Муҳаммади Султон) етти йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Озоди» (РФда хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) маҳкумнинг яқинларига таяниб хабар берди.
Уларга кўра, Мавлоназаров 13 сентябрь куни Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси: 307-модда 2-қисми («Оммавий ахборот воситалари ёки интернетдан фойдаланган ҳолда Тожикистон Республикаси конституциявий тузумини зўравонлик билан ўзгартиришга оммавий чақириқлар қилиш») ва 330-модданинг 2-қисми («Оммавий нутқда, омма олдида намойиш этилган асарда, ОАВ ёки Интернетда мавжуд ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш») бўйича айбдор деб топилган.
«Мамадсултон ўзини айбсиз деб билишини, Facebookда (РФда экстремик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли ижтимоий тармоқ) ёзганларининг ҳаммаси ҳақиқат экани ва буни ҳар ким текшириши мумкинлигини айтган. У конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга ошкора даъват қилганлик айбловини рад этади ва ҳеч бир ҳокимиятни ҳақорат қилмаганини айтади», — дейди Мавлоназаров билан учрашишга рухсат берилган қариндошларидан бири.
Мавлоназаров 72 ёшда, асли Тоғли Бадахшон автоном вилоятидан. 1970 йиллари «Комсомоли Тожикистон» ёшлар газетасида мухбир бўлиб ишлаган, сўнгра Тожикистон Давлат хавфсизлик қўмитасига ишга ўтган. Ҳозирда нафақада. У ижтимоий тармоқларда мунтазам равишда мамлакат расмийларининг ҳаракатларини, жумладан, Тоғли Бадахшондаги куч тузилмаларининг махсус операциялари билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини танқид қилиб, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ)нинг амалдаги раиси Саймўмин Ятимов ҳақида номақбул гапларни айтган.
16 июнь куни эрта тонгда милиция кийимидаги бир гуруҳ одамлар Мавлоназаровни тўғридан-тўғри ётган жойидан ҳибсга олишади, унга пойабзал кийишга ҳам рухсат бермай, мажбуран машинага ўтқазиб, номаълум томонга олиб кетишади.