Афғонистон кетма-кет тўрт йилдан бери дунёнинг энг хавфли давлати деб топилди

2022 йилдаги энг хавфли давлатлар қизил рангда кўрсатилган. Global Peace Index иллюстрацияси

Global Peace Index (Глобал тинчлик индекси)га кўра, Афғонистон кетма-кет тўртинчи йил дунёдаги энг хавфли давлат деб топилди. 2019 йилдан буён ушбу мамлакат хавфсизлик рейтингида охирги ўринни эгаллаб келмоқда.

Ушбу индекс биринчи марта 2007 йил май ойида ҳисоблаб чиқилган. Бу дунё мамлакатларини ҳаёт хавфсизлиги бўйича рейтингга киритишга биринчи уриниш эди. Ғоя муаллифи австралиялик тадбиркор Стив Киллели бўлиб, ушбу ғояни жумладан, Далай Лама ва АҚШнинг собиқ президенти Жимми Картер маъқуллаган.

Global Peace Index ҳар йили Тинчлик институти халқаро экспертлар гуруҳининг социологлари ва иқтисодчилари томонидан Сидней университети ҳузуридаги Тинчлик ва можароларни ўрганиш маркази билан биргаликда ишлаб чиқилади.

Мутахассислар Якуний индексни тузиш учун қуйидаги кўрсаткичларни ўрганадилар:

▪️ички ва ташқи низолар, уларнинг интенсивлиги ва қурбонлар сони;

▪️қўшни давлатлар билан муносабатлар;

▪️аҳоли орасида қочқинларнинг улуши;

▪️фуқаролар ўртасидаги ишончсизлик даражаси;

▪️сиёсий беқарорлик ва жамоат тартиби;

▪️сиёсий террор;

▪️ террорчилик хуружларининг фаоллиги;

▪️ 100 минг кишига тўғри келадиган қотилликлар сони;

▪️маҳкумлар сони;

▪️ оғир жиноятлар улуши;

▪️ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг сони;

▪️ ҳарбий харажатларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши;

▪️қурол импорти ва экспорти;

▪️БМТ контингентлари ёки бошқа кучларида иштирок этиши;

▪️ўқ отиш қуролларининг мавжудлиги ва оғир қуроллар сони;

▪️Қуролли кучларни модернизация қилиниши.

2022 йил ҳолатига кўра, рейтингга киритилган 163 давлат орасида Афғонистон охирги ўринни эгаллаган. Россия 160 ўринни эгаллаган (Россия қуролли кучлари олти ойдан бери махсус ҳарбий операция ўтказаётган Украина эса 153 ўринда). Бу учала давлат ҳам энг хавфли давлатлар гуруҳига киради.

Туркманистон 104, Қозоғистон 97, Тожикистон 92, Қирғизистон 91, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги энг хавфсиз давлат сифатида 86 ўринни эгаллаган.

Шуни таъкидлаш керакки, Марказий Осиёнинг барча постсовет республикалари Исроил, АҚШ ва Туркия каби давлатларга қараганда хавфсизроқ бўлиб чиқди.

Рейтингнинг дастлабки уч поғонасини Исландия, Янги Зеландия ва Ирландия эгаллаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ