Айрим афғон кинотеатрлари қарийб бир йиллик танаффусдан сўнг қайта очилди. Бу ҳақда TOLOnews хабар берди.
Яқин кунларда Кобул кинотеатрларида 37 та фильм, жумладан, бадиий ва ҳужжатли, тўлиқ ва қисқа метражли фильмлар намойиш этилади. Фильмлар мазмун жиҳатидан турлича — урушдан тортиб, таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган қизларнинг муаммоларига қадар.
Бироқ, толиблар режими остида суратга олинган фильмларда аёллар роли кескин чекланган. Фақат битта картинада маҳаллий актриса ролини ўйнашга рухсат берилди — фильм гиёҳвандлар муаммоларига бағишланган.
«Толибон»* радикал ҳаракати ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, бу ерда кинотеатрлар фаолиятини тақиқлаган эди. Толиблар, асосан, ҳинд, Европа ва Америка фильмлари намойиш этиладиган муассасалар иши шариат меъёрларига зид, деган хулосага келганлар.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).