Россия Ташқи ишлар вазирлиги Ғарбни Афғонистонни гиёҳванд давлатга айлантирганликда айблади

Кўкнори. en.wikipedia.org сайти фотосурати

Ғарб томонидан Афғонистон активларининг музлатиб қўйилиши мамлакатни гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни тўхтатиш имкониятидан маҳрум қилади. Бу ҳақда Россия ТИВнинг янги чақириқлар ва таҳдидлар департаменти директори Владимир Тарабрин маълум қилди, деб хабар беради РИА Новости.

Дипломатнинг сўзларига кўра, ҳозирги шароитда кўкнори етиштириш ва гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш Афғонистон аҳолиси учун ягона даромад манбаига айланиб қолган.

«Қурғоқчилик, уруғлик ва ўғитларнинг этишмаслигини ҳисобга олсак, уларни қонуний экинлар билан алмаштириш истиқболлари деярли кўринмайди», — дейди Тарабрин.

Дипломатнинг эслатишича, 2021 йил май ойида АҚШнинг Афғонистонни қайта қуриш бўйича бош инспектори Жон Сопко ўз ҳисоботида мамлакат гуманитар фалокат ёқасида эканини тасдиқлаган.

«Камида 23 миллион киши шошилинч озиқ-овқат ёрдамига муҳтож эди. Бунга Ғарб давлатлари томонидан Афғонистоннинг молиявий активларини тўсиб қўйганини ҳам қўшинг, бу нафақат банк саноати, балки у билан боғлиқ саноат ва қишлоқ хўжалигининг ҳам фалаж бўлишини таъминлади», — таъкидлади Тарабрин.

Тарабриннинг сўзларига кўра, Афғонистондан Марказий Осиёнинг постсовет мамлакатларига наркотиклар оқими «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимият тепасига келганидан кейин кучайган.

«АҚШ ва унинг НАТО бўйича иттифоқчиларининг ушбу мамлакатда бўлган йигирма йиллик фаолияти давомида Афғонистон гиёҳванд давлатга айланди: опиатларни ноқонуний ишлаб чиқариш ҳажми 2001 йил даражасига нисбатан қарийб 40 баробар ошди. Бундан ташқари, у энг йирик метамфетамин лабораториясига айланди», — деди Тарабрин.

Бундан олдин Тожикистон Наркотикларни назорат қилиш агентлиги (ННА) 2021 йил августидан, яъни толиблар ҳокимият тепасига келганидан сўнг, 2022 йил июнига қадар биргина Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош вилоятларида уч тоннадан ортиқ наркотик моддалар мусодара қилинганини маълум қилганди. Таққослаш учун: 2020 йили худди шу чегара ҳудудларида атиги 1185 кг наркотик моддалар мусодара қилинган.

Толиблар 1994-2001 йиллари илк бор ҳокимятни қўлга киритишганда кўкнори етиштиришни тақиқлагандилар, бироқ кейинги яширин курашлар пайтида кўкнори солиғи улар учун муҳим даромад манбаига айланган, гарчи улар буни инкор этсалар ҳам. «Толибон»нинг иккинчи марта ҳукумат устига келганидан сўнг халқаро ёрдамнинг тўхтатилиши ва Афғонистон Марказий банкининг ушбу мамлакат ташқарисидаги ҳисобварақларида бўлган 9,4 миллиард долларининг блокланиши Афғонистон иқтисодиётини заифлаштирди. Бундай шароитда кўкнори етиштириш кўплаб деҳқонлар учун пул топишнинг ягона йўли бўлиб қолди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ