«Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизийнинг айтишича, Москвадаги музокаралар чоғида толиблар делегацияси Россияга Афғонистон учун 1 миллион баррелга яқин нефть сотишни таклиф қилган. Унинг таъкидлашича, «Толибон» агар Россия томони энергия ресурслари эвазига «айрим афғон маҳсулотлари»га қизиқса, у ҳолда толиблар айирбошлаш вариантини кўриб чиқади, деб ёзади «Коммерсант».
«Биз Россияга 1 миллионга яқин [баррел] таклиф қилдик, агар [Россия] кўпроқ жўната олса, бу муаммо эмас... Россия Федерациясида афғон маҳсулотларига зарурат бўлса, у ҳолда бартер савдоси вариантини ҳам кўриб чиқмоқчимиз», — дейди Саноат ва савдо вазирлиги раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форуми (СПХИФ) доирасида Афғонистон Савдо-саноат палатаси раҳбари Муҳаммадюнис Ҳусайн Афғонистон Россиядан 5 минг тонна нефть ва 2 миллион тонна ғалла сотиб олиш ниятида эканини маълум қилганди.
14 август куни толиблар музокаралар учун Москвага етиб келди. Афғонистон ҳукумати «Толибон» террорчилик ҳаракати томонидан тузилганига қарамай, Россиянинг Кобулдаги элчиси Россия томони Москва манфаатларига мос келадиган масалаларда толиблар билан ҳамкорлик қилиши кераклигини айтди. У «Толибон» билан ўзаро алоқаларни «кўз юмиб бўлмас» ҳақиқат сифатида қабул қилишни таклиф қилди.
Толиблар ҳукумати Россия ва дунёдаги бошқа ҳукуматлари томонидан расман тан олинмаган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).