Толиблар юқори синф ўқувчи қизларининг мактабда ўқишига доир шартларини эълон қилди

Саид-Аҳмад Шаҳидхаил. TOLOnews сюжетидан кадр

12 ёшдан ошган афғон қизлари учун мактабларни қайта очишнинг кечикишига қизлар учун ўқув дастури «мукаммал эмас» лиги сабаб бўлган. Ўқув дастури болалар тарбияси ва деҳқончилик соҳаларини ўз ичига олиши керак, дейди «Толибон»* ҳукуматининг Таълим вазири ўринбосари Саид Аҳмад Шаҳидхайл (Saeed Ahmad Shahidkhail). Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, қизлар мактабларини ёпиш ҳақидаги қарор нафақат ўқув дастури, балки толибларнинг муқаддас Қуръони Карим ва суннийлик ақидаларига доир сиёсатига ҳам боғлиқ бўлган (толибларнинг деярлик кўпчилиги сунний, бироқ мамлакатда шиа эътиқодидаги миллатлар ҳам яшайди).

Афғонистонда юқори синф ўқувчи қизлари учун мактаблар 2021 йил августидан, толиблар мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олганидан сўнг ёпилган. Сентябрь ойида дарслар фақат ўғил болалар учун тикланди. Кейин янги семестрдан яна қизларга ўқишга рухсат берилиши эълон қилинди.

Бироқ, 2022 йил март ойида, яъни янги ўқув йили бошланганда, олтинчи синфдан юқори синф ўқувчи қизлари учун таълим тўхтатилди. Толиблар дин ва маҳаллий урф одатларга таянган ўқув дастурини яратиш лозимлигини рўкач қилиб, қизлар учун мактабларни очиш режасини ортга сурдилар.

Мактабларнинг ёпилишига жавобан Жаҳон банки Афғонистондаги 600 миллион долларлик тўртта лойиҳани тўхтатди.

Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзайга кўра, қизларнинг таълим олишини тақиқлаш ислом қоидаларига тўғри келмайди, балки қўшни давлат расмийлари кўрсатмаси билан амалга оширилмоқда. «Покистон мақсадиҳимоясиз, қолоқ ва қашшоқ Афғонистонни ушлаб туришдир»,дейди Карзай.

«Толибон» режими даврида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш билан боғлиқ вазият сезиларли даражада ёмонлашди. Афғонистон аёлларига жамоат жойларида рўмол ўраш, «уйда ўтириш» буюрилди, эркаклар эгаллаши мумкин бўлган лавозимларда ишлаш ва спорт билан шуғулланиш тақиқланди.

Хорижий ҳукуматлар аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилмайдиган толиблар ҳукуматини тан олишдан бош тортмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ