АҚШ президенти Жо Байден «Ал-Қоида» етакчиси Айман аз-Завоҳирий Афғонистонда ўлдирилганини эълон қилди.
Таъкидланишича, аз-Завоҳирий Кобулдаги оиласи билан яшаётган уйида Америка дронининг зарбасидан ҳалок бўлган. Байденнинг қайд этишича, зарбалар пайтида аз-Завоҳирийнинг қариндошларидан ва Кобулдаги тинч аҳоли вакилларидан ҳеч ким ҳалок бўлмаган.
«У Америка фуқаролари, Америка ҳарбий хизматчилари, Америка дипломатлари ва Америка манфаатларига қарши қотиллик ва зўравонлик изларини қолдирди... Энди адолат қарор топди ва террорчилар етакчиси йўқ бўлди», — деди Байден америкаликларга мурожаатида.
АҚШ президенти маъмуриятининг исми сир қолишини сўраган вакили айтишича, ал-Завоҳирийнинг Кобулдаги уйига дрон ҳужуми 31 июль куни содир этилган. Иккита Hellfire ракетаси зарба берган.
«Бир неча ой давомида аз-Завоҳирий Кобулдаги масканида эканига ишончимиз ортиб борди. Биз ал-Завоҳирийни балконга тез тез чиқишини пайқаб қолдик, у охир-оқибат уни ўша ерда гумдон қилдик», — дейди манба.
Associated Press агентлигининг бешта аноним манбага таяниб хабар беришича, аз-Завоҳирий жойлашган уйга ҳужум АҚШ Марказий разведка бошқармаси томонидан амалга оширилган. На Байден, на Оқ уй Марказий разведка бошқармасининг операциядаги иштироки ҳақида батафсил маълумот бермади. Шу билан бирга, АҚШ президенти разведка маълумотларининг қатъийлиги туфайли операция муваффақиятли ўтганини таъкидлади.
Юқори мартабали манбанинг даъво қилишича, аз-Завоҳирий «Толибон» радикал ҳаракатининг нуфузли амалдорларидан бири, ҳозир Афғонистон Ички ишлар вазирлигини бошқараётган Сиражуддин Ҳаққоний ёрдамчисининг уйида ўлдирилган. Манбанинг қўшимча қилишича, АҚШ Марказий разведка бошқармасининг қуруқликдаги гуруҳи ва дрон ҳужумидан сўнг амалга оширилган ҳаво разведкаси аз-Завоҳирийнинг ўлимини тасдиқлаган. Бошқа бир манбанинг айтишича, Кобулда Америка қўшинларининг мавжудлиги «нол» бўлган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен «Толибон»ни Кобулда «Ал-Қоида» етакчисига бошпана бериб, Доҳада эришилган келишувларни қўпол равишда бузганликда айблади. Бу келишувларга кўра, «Толибон» террорчиларнинг Афғонистондан фойдаланмаслигини кафолатлаган.
Завоҳирийга қарши махсус операция Америка қўшинларининг ўтган йил август ойида Афғонистондан чиқиб кетганидан кейин «Ал-Қоида»га қарши биринчи зарбаси бўлди.
Аз-Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрда АҚШда содир этилган терактлар ташкилотчиси сифатида аниқланган ва шундан бери у яшириниб, қочиб юрган.
У террор ташкилотининг асосчиси ва биринчи раҳбари Усама бин Лодин 2011 йил май ойида Покистонда Америка махсус операцияси натижасида ўлдирилганидан кейин «Ал-Қоида»га раҳбарлик қилган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).