Афғонистонда Foreign Policy нашрида ишлаган австралиялик журналист аёл Линн О'Доннеллни (Lynne O'Donnell) «Толибон»* радикал ҳаракати жангарилари ёқмаган материал учун уни омма олдида кечирим сўрашга мажбур қилган. Бу ҳақда у Twitterдаги ўз саҳифасида ёзган.
Журналистнинг сўзларига кўра, жангарилар уни Кобулдан репортаж бераётганда ҳибсга олишган, сўнг қамоқ таҳдиди остида уни Twitterдаги саҳифасида унинг Foreign Policy нашрида чоп этилган «Толибон»нинг айрим қўмондонлари вояга етмаган қизларга уйланиб олгани тўғрисидаги материалига раддия беришга мажбур қилишган.
«Twitterда узр сўра, акс ҳолда қамоққа тушасан», — дея толиблар таҳдидидан иқтибос келтиради журналист аёл.
«Улар гапирди, мен ёздим. Бу уларга ёқмади. Матнни ўчириб, таҳрир қилдим ва яна чоп этдим. [Толиблар] видео суратга олишди, унда мен мажбурланмаганимни айтдим. Улар ёзувни ҳам қайта суратга олишди», — деб ёзади озод бўлган О'Доннелл ўз саҳифасида.
Журналист аёл Афғонистонни тарк этганини ва «ҳеч қачон у ерга қайтиб кела олмаслигини» айтади.
«Мен Афғонистонга бошқа қайтмайман. Аксарият Ғарб журналистлари мен каби шу ҳафта таъқибга учраб, мамалакатдан чиқариб юборилди. Афғонистоннинг бир вақтлар мағрур мустақил матбуоти йўқ энди. Мамлакат даҳшат, очлик ва қашшоқлик домига ботиб бормоқда», — деб ёзади О'Доннелл.
Ўз навбатида, толиблар журналист аёл Афғонистонда фаолиятини давом эттириши мумкинлиги, бироқ маълум шартлар остида бўлишини таъкидладилар.
«Унга мақолаларида [толибларга қарши] ҳар қандай [салбий] айбловларни тасдиқловчи далиллар келтирса, Афғонистонда қолиши ва ишлаши мумкинлиги айтилди. Журналистлик меъёрларига кўра, ундан ўз манбаларини ошкор қилиш талаб қилинмайди, фақат жабрланганлар тафсилотлари ёки расмийларга Афғонистон қонунларини бузганларни жиноий жавобгарликка тортиш имконини берадиган бошқа шартли далилларни тақдим этиши шарт бўлади», — деб ёзади толиблар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Абдул Қаҳар Балхий (Abdul Qahar Balkhi) Twitterдаги саҳифасида.
Бироқ, «Толибон»нинг яна бир расмий вакили Билол Каримийнинг таъкидлашича, австралиялик журналист аёлга Афғонистонда ишлашга рухсат берилмаган, чунки у «жосуслик мақсадларини кўзлаган».
«У ташвиқот олиб борган ва жосуслик мақсадларини кўзлаган; унга энди мамлакатимизда ишлашга рухсат йўқ», — дейди Каримий.
Таъкидлаш жоиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимият қўлга киритилгач, толиблар ўзларига ёқмайдиган маҳаллий журналистларга нисбатан репрессияларни амалга ошира бошладилар. Шунингдек, улар вақти-вақти билан радикал ҳаракатдан мамлакатдаги воқеаларни ёритиш учун расмий рухсат олган хорижлик журналистларнинг ишларига аралашишга ҳаракат қилишади.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).