Афғонистондаги Британия SAS махсус кучлари (Махсус ҳаво-десант хизмати полки) бу мамлакатда хизматда бўлган пайти бир неча бор қуролсиз тинч аҳоли вакилларини ҳибсга олган ва ўлдирган. Бу ҳақда ВВС хабар беради.
ВВС маълумотларига кўра, SAS бўлинмаларидан бири олти ойлик миссияси давомида 54 нафар тинч афғонни ўлдирган.
ВВС махсус кучларнинг юзлаб саҳифали оператив ҳисоботларини, жумладан, 2010 ва 2011 йилларда жанубий Гилманд вилоятида ўтказилган рейдлар ҳақидаги ҳисоботларни таҳлил қилган.
Махсус кучлар ўз қотилликларини оқлаш учун қуролсиз одамларга Калашников автоматини ушлатиб қўйганини кўрган гувоҳлар топилган. Бундан ташқари, турли бўлинмалар ўртасида рақобат бор бўлган — ким ўзидан кўпроқ жасадларни қолдириш бўйича.
Таъкидланишича, 2013 йили ҳарбий полиция тергов бошлаганида SASга раҳбарлик қилган генерал Марк Карлетон-Смит (Mark Carleton-Smith) қўлида далиллар бор бўлса-да, судга тақдим этмаган. ВВС таъкидлашича, юқори мартабали зобитларнинг барчаси жиноятлар ҳақида билишган, аммо ҳеч нарса қилишмаган, гарчи уларда тунги рейдлар пайтида кўп одамлар ўлдирилаётгани ҳақида мантиқий саволлар туғилган бўлсада.
2020 йил ноябрь ойида афғон фуқароларининг хорижлик ҳарбийлар томонидан судсиз қатл этилгани фактлари аниқланган эди. Маълум бўлишича, қирғинларни НАТО кучларининг блокдан ташқари иттифоқчилар сифатида биргаликдаги операциясида қатнашган Австралия ҳарбийлари уюштирган. Элита махсус кучлари аскарлари ҳатто болаларни ўта шафқатсизлик билан ўлдиришган. Бу маълумот Австралия қуролли кучлари генерал-майори Пол Бреретон бошчилигида тайёрланган ҳисобот эълон қилинганидан кейин маълум бўлди.
Ҳужжатда махсус кучлар томонидан содир этилган 39 та қотилликка доир далиллар келтирилган. Австралияликларнинг қурбонлари террорчилар эмас, балки тинч аҳоли ва радикал гуруҳларнинг аъзолари бўлган, улар қирғин пайтида ҳарбийлар учун хавф туғдирмаган — уларда қурол-яроғ ва жангари гуруҳлар билан алоқа бўлмаган.