Тожикистон Саудия Арабистони билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича қўшма корхоналарни ташкил этишга доир шартнома имзолайди. Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири Сади Каримзода ва Саудия Арабистонининг Душанбедаги элчиси Валид ибн Абдураҳмон ар-Ришайдон бу борада келишиб олдилар, деб хабар қилди вазирлик матбуот хизмати.
Саудия Арабистони элчиси билан учрашувда Каримзода Тожикистон ва Саудия Арабистони ўртасида агросаноат мажмуаси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта имкониятлар мавжудлигини, Валид ибн Абдураҳмон ар-Ришайдон эса республика қишлоқ хўжалиги тармоғи маҳсулотларини экспорт қилишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Бу, биринчи навбатда, янги ва қуритилган сабзавот ва меваларга, шунингдек чорвачилик маҳсулотларига тегишли.
Томонлар мева шарбатлари ишлаб чиқариш ва меваларни қуритиш бўйича қўшма корхона ташкил этиш бўйича келишув ва меморандум имзоладилар. Маҳсулотлар Саудия Арабистони ёки учинчи давлатга экспорт қилинади.
Мева ва сабзавотларни сақлаш учун иссиқхоналар, омборлар ва совуқхоналар яратиш учун Саудия Арабистонининг хусусий секторидан инвестициялар жалб қилинади. Бундан ташқари, қироллик Тожикистонда асалга қизиқиб, асаларичилик соҳасига сармоя киритиш ниятида.
«Азия-плюс» нашрининг қайд этишича, охирги йилларда Тожикистон бу араб давлатига ҳеч нарса экспорт қилмаган. 2022 йилнинг 5 ойи якунларига кўра, Тожикистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми бор-йўғи 134 минг долларни, 2021 йили эса 348 минг долларни ташкил қилган.