Толиблар яқин орада Бутунафғон оқсоқоллар кенгашини ўтказиш ниятида

Қобулдаги «Толибон» рамзи. Twitter тармоғи фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон»* радикал ҳаракати яқин вақт ичида мамлакат пойтахти Кобулда Лоя Жирға – Бутунафғон оқсоқоллар кенгашини чақирмоқчи. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Унга кўра, толиблар томонидан тузилган ҳукумат раиси девони яқин кунларда Лоя Жирғани эълон қилган ҳужжат чиқарган. Унда, жумладан, келаси ҳафта Кобул политехника университетида барча дарслар бекор қилиниши айтилган. Телеканал таъкидлаганидек, ушбу пойтахт университетининг залларидан бири анъанавий тарзда Умумафғон оқсоқоллар кенгашини ўтказиш учун фойдаланилади.

«Толибон» ҳукуматининг расмий вакиллари ҳозирча бу масала бўйича изоҳ бермади, толиблар бўлажак кенгаш кун тартибини ҳам, унинг иштирокчилари таркибини ҳам эълон қилмаган.

Июнь ойи бошида толиблар расмий вакилининг ўринбосари Иномуллоҳ Самангоний радикал ҳаракатнинг сиёсий комиссияси айрим масалалар бўйича маслаҳатлашиш ва фикр алмашиш учун бутун афғон ассамблеясини чақириш режаси устида ишлаётганини айтганди.

Лоя Жирга охирги марта Афғонистонда 2020 йил августида, Кобулда радикал ҳаракат ҳокимият тепасига келишидан бир йил аввал йиғилган эди.

Эслатиб ўтамиз, толиблар Афғонистон устидан назорат ўрнатиш бўйича кенг кўламли операцияни 2021 йил баҳорида АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан кейин бошлаган эди. Ўтган йил 15 августида толиблар жангсиз Кобулни ишғол қилдилар. 6 сентябрь куни радикаллар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилганини эълон қилишди ва эртаси куни қонунийлиги ҳамон ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган Муваққат ҳукумат таркибини эълон қилишди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ