Афғонистонда сел ва тошқинлар оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, 400 дан ортиқ уй қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. Бу ҳақда 24 июнь куни TOLOnews телеканали Афғонистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига (ФВВ) таяниб хабар берди.
«Бизда 16 киши ҳалок бўлди ва бир киши жароҳат олди [сув тошқини ва селдан кейин]. Камида 440 та турар-жой биноси қисман ёки тўлиқ вайрон бўлган. Тахминан 650 бош чорва нобуд бўлди», — деди Афғонистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Ғулом Гавс Носирий (Ghulam Ghaws Nasiri).
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 18 та вилоятда: Кунар, Нангарҳор, Нуристон, Лагмон, Панжшир, Парвон, Кобул, Каписа, Майдан-Вардак, Бомиён, Ғазни, Логар, Саманган, Сари-Пул, Тахар, Хост, Даикунди, Пактияда сув тошқинлари ва сел оқимлари содир бўлганини маълум қилди.
Аниқланишича, 2 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинларига зарар етказилган. Афғонистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик палатаси сув тошқинидан айниқса буғдой ва пиёз экинлари кўп зарар кўрганини маълум қилди.
Шунингдек, 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси Афғонистон шарқида зилзила содир бўлгани ва 1,5 мингга яқин одам ҳалок бўлганини қўшимча қиламиз. Пактика вилоятидаги Гаян, Бармала, Зирук ва Нака туманлари энг кўп жабр кўрган. Баъзи қишлоқлар бутунлай вайрон бўлган.
Бундан ташқари, 23 июнь куни Кунар вилоятининг тоғли ҳудудларида қор ёғиб, 12 бола ҳалок бўлган. Тоғларда ўтлаб юрган юзлаб уй ҳайвонлари ҳам нобуд бўлган.