Афғонистонда 21 июндан 22 июнга ўтар кечаси содир бўлган зилзила қурбонлари сони 1500 кишига етди, 2000 дан ортиқ киши жароҳат олдган. Бундай маълумотларни «Ал-Жазира» телеканали келтиради.
Зилзила мамлакатнинг шарқий қисмида содир бўлган. Сейсмологларнинг охирги маълумотларига кўра, магнитуда 5,9 ни ташкил этган (илгари бу 6,1 эди). Зилзила бор-йўғи бир неча дақиқа давом этган, аммо ундан кўрган зарар жуда катта бўлган. Бир қанча қишлоқлар бутунлай вайрон бўлган, одамлар ҳали ҳам вайроналар остида қолмоқда.
Табиий офат бир қанча вилоятларга таъсир кўрсатган. Одамлар энг кўп жабр кўрган ва бинолар вайрон бўлган ҳудудлар — Пактика, Хост ва Нангарҳор вилоятларидир. Биргина Хостда 600 та уй вайрон бўлган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, қурбонлар сонининг кўп бўлишига зилзила вақтида эрта тонг бўлгани сабаб бўлган: одамлар ухлаб ётган ва уйларини тарк этишга улгуришмаган.
Аввалроқ «Фарғона» зилзила маркази Покистон билан чегара яқинидаги – Хост шаҳридан 44 км жануби-шарқда, 15 км чуқурликда жойлашгани ҳақида хабар берганди.
Ўзбекистон ҳукумати табиий офатнинг фожиали оқибатларини имкон қадар тез бартараф этишда биродар Афғонистон халқига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Бундан ташқари, Россия, АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари расмийлари Афғонистонга табиий офат оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди.