16 июнь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбоевга нисбатан икки жиноий иш бўйича суд жараёнини якунлади. 24.kg агентлигининг хабар беришича, собиқ президент ҳар икки ҳолатда ҳам оқланган.
Атамбаев Қирғизистон пойтахтидаги «Калис-Ордо» турар-жой массивида мактаб қуриш чоғида Туркия фуқароларига ноқонуний паспорт берганликда ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилганликда айбланган эди.
Судя Мирлан Термечиков Атамбаевни иккала жиноий иш бўйича ҳам жиноят таркиби йўқлиги учун оқлади.
Эслатиб ўтамиз, Алмазбек Атамбаев номи сўнгги йилларда бир неча жиноий ишларда, жумладан унинг қароргоҳида Қирғизистон давлат хавфсизлик махсус кучлари томонидан бостириб кирилган Қўй-Тош воқеалари билан боғлиқ ишларда ҳам тилга олинган. 2020 йил июнь ойида Атамбаев жиноят олами вакили Азиз Батукаевнинг ноқонуний озод этилишига доир коррупцияда айбдор деб топилиб, 11 йилу икки ойга қамалган эди.
Жорий йилнинг июнь ойи бошида Қирғизистоннинг собиқ президентига 2010 йил июнида мамлакат жанубида юз берган оммавий тартибсизликлар бўйича ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда айбланган эди. Ушбу тартибсизликлар бўйича тергов республиканинг амалдаги президенти Садир Жапаров топшириғи билан 2021 йил апрелда қайта бошланган эди. Атамбаев 2010 йил июнь ойида маҳаллий қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги этник тўқнашувларнинг олдини олиши мумкин эди, бироқ у буни уддалай олмаганликда айбланади.



