Ўзбекистон президентининг фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича қўшимча ҳуқуқлар берилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
Жумладан, энди Агентлик қуйидагиларни амалга ошириши мумкин:
👉 давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларини қонун ҳужжатларида очиқлик соҳасида белгиланган талаблар бузилишининг олдини олиш тўғрисида огоҳлантиришлар бериш;
👉 очиқлик талабларининг бузилишига олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимномалар киритиш;
👉 расмий веб-сайтда ва бошқа ахборот ресурсларида эълон қилинган очиқ маълумотларнинг ҳақиқийлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўраш учун сўров юбориш.
Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик даражаси қуйидаги саккизта кўрсаткич бўйича баҳоланади:
➡️ давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятининг самарадорлиги;
➡️ давлат органлари ва ташкилотларининг расмий веб-сайтларида ахборотларни жойлаштириш ва электрон давлат хизматлари кўрсатиш ҳолати;
➡️ ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни қонунчиликда белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиш ва жамоатчилик олдида ҳисобдорлик тизимининг йўлга қўйилиши;
➡️ бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлашга оид маълумотларнинг расмий веб-сайтда жойлаштирилиши;
➡️ Очиқ маълумотлар порталида маълумотлар жойлаштирилиши;
➡️ оммавий коммуникация технологияларининг жорий қилиниши;
➡️ коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олишда очиқлик тамойилларидан фойдаланиш ҳолати;
➡️ жамоатчилик кенгаши фаолиятининг самарадорлиги.
Давлат органлари ва ташкилотларининг очиқлик даражаси “0” баллдан “100” баллгача рейтингда баҳоланиб, қуйидаги тоифаларга ажратилади:
👉 71 баллдан 100 баллгача – «яшил»
👉 55 баллдан 71 баллгача — «сариқ»
👉 55 баллдан паст — «қизил».
Очиқлик даражаси энг юқори деб топилган давлат органи ёки ташкилотининг соҳага масъул ходимларини рағбатлантириш, аксинча, салбий бўлганларини қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик масаласи ҳал этилади.
Яқинда Ўзбекистон Сенати давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилишини маъқуллади.
Жумладан, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган ва очиқ маълумотлар сифатида эълон қилиниши лозим бўлган маълумотларни эълон қилмаганлиги ёки тўлиқ эълон қилмаганлиги учун давлат органининг мансабдор шахслари БҲМнинг 3-5 баравари миқдорида жаримага тортилади (Базавий ҳисоблаш миқдори. 1 БҲМ 300 минг сўм ёки 27 доллар). Эълон қилиш шартлари ва тартибига риоя қилмаслик ёки маълумотларни нотўғри тақдим этиш учун ҳам худди шундай жазо қўлланилади.



