14 июнь куни эрталаб тожик-қирғиз чегарасида юз берган отишмада бир тожик аскари ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Асия-плюс» нашри Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига таяниб хабар берди.
Таъкидланишича, икки давлат чегарачилари ўртасидаги отишма Тожикистоннинг Ворух қишлоғидан 10 км узоқликдаги Кех ҳудудида содир бўлган.
«Азии-плюс» манбасига кўра, Қирғизистон томони маҳаллий вақт билан эрталаб соат 6:00да ҳеч қандай сабабсиз тожик чегарачиларига қараб, жумладан миномётлардан ўт очган.
«Тожикистон чегарачилари орасида бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган. Уни ўликхонага олиб кетишди», — дейди манба. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда шифохона ярадорларни қабул қилишга тайёрланмоқда.
Тожикистон куч тузилмалари ҳозирча расмий маълумот бермаган.
Қирғизистон чегара идораси маълумотларига кўра, ҳодиса Боткен вилояти, Боткен туманининг Булоқ-Боши ҳудудида содир бўлган. Биринчи ўқ Тожикистондан отилди. Бунга жавобан қирғиз томонидан Тожикистон постига ўқ узилган.
Чегара хизмати Қирғизистоннинг Боткен вилоятидаги чегара вакили билан Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги чегара вакили ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтгани ҳақида хабар берди. Томонлар чегара отрядлари бошлиқлари воқеа жойига жўнаб кетишди.
Қирғизистон чегарачилари маълумотларига кўра, тожикистонлик ҳарбийлар граната ва миномётлардан фойдаланган ҳолда ўқ узган.
Эслатиб ўтамиз, айни ҳудудда 11 кун аввал тожик ва қирғиз чегарачилари ўртасида отишма содир бўлганди. Ўшанда уч чегарачи яраланганди — бир тожик ва икки қирғиз.
Воқеа муносабати билан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, қирғиз чегарачиларни мамлакатга ноқонуний ва қасддан кириб келганликда ҳамда режаланган провокацияда айблади. Ўз навбатида, қирғиз томони тожик чегарачиларини чегарани бузганликда ва отишмани бошлаганликда айблади.