Афғонистонга қайтган собиқ амалдор Facebookни блоклашни таклиф қилди

Омонулла Ғолиб толиблар билан учрашувда. Видеоёзувдан кадр

Яқинда Афғонистонга қайтган Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) давлат энергетика компаниясининг собиқ раҳбари Омонулла Ғолиб «Толибон»* радикал ҳаракатига мамлакатда Facebook ижтимоий тармоғини блоклашни таклиф қилди. 9 июнь куни Aamaj News нашри Ғолибнинг «Толибон» ҳаракатининг юқори мартабали амалдорлари билан учрашуви акс этган видеони эълон қилди ва унда Ғолиб юқоридаги таклифни тилга олган.

Афғонистон ҳукуматининг ўтган август ойида ҳокимиятдан четлатилган собиқ амалдори билан учрашувда толиблар Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаки ва Ички ишлар вазирининг укаси Анас Ҳаққоний иштирок этган.

Ғолибнинг сўзларига кўра, Facebookни блоклаш керак, чунки бу ижтимоий тармоқ «коррупция ўчоғи» ҳисобланади.

Шу билан бирга, Aamaj News Ғолиб DABS раҳбари бўлганида, у 3 миллиард долларни ўзлаштирганликда айбланганини эслатиб ўтади.

Ғолиб 8 июнь куни Афғонистонга қайтди. Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзай маъмуриятини бошқарган Ғулом-Фарук Вардак у билан бирга мамлакатга учиб келган. Карзайнинг ўзи Кобулда уй қамоғида яшамоқда. Ўтган йил август ойида «Толибон» жангарилари Афғонистон пойтахтини жангсиз эгаллаб олишганда, у Афғонистон пойтахтини тарк этмаган эди.

Кўплаб юқори мартабали амалдорлар, жумладан Афғонистоннинг ўша пайтдаги президенти Ашраф Ғани август ойида Кобулдан турли мамлакатларга қочиб кетишганди.

Қочқин амалдорлар ва собиқ хавфсизлик кучларининг қайтишини таъминлаш учун толиблар май ойида қайтиш комиссиясини тузди. У собиқ хавфсизлик кучлари ва амалдорлар билан музокаралар олиб бормоқда ва уларни Афғонистонда ҳея қандай таҳдид бўлмаслигини айтиб, қайтишга чорламоқда. Бундан аввал комиссия Мудофаа вазирлигининг собиқ расмий вакили Давлат Вазирий, Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Идрис Замон, Тинчлик вазири Абдул-Салом Раҳимий ва Транспорт вазири Ҳасан-Муборак Азизийни қайтишга кўндиришга муваффақ бўлганди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди

  • Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этади

  • Қозоғистон газни қайта ишлаш заводи қурилиши юзасидан Ғарб инвесторлари билан очиқ можарога киришди