Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида қизлар учун бепул таълим маркази очилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар беради.
Марказ номи тилга олинмаган хорижий ташкилот кўмагида очилган. Таълим муассасаси 500 нафарга яқин қизни қабул қила олади. Уларга инглиз тили, информатика, адабиёт ва математика фанларидан дарс берилади.
Бундан ташқари, талабалар кейинчалик бошқа таълим муассасаларига, жумладан, олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун тайёрлов курсларидан ўтишлари мумкин бўлади.
Марказни Балх шаҳар таълим бошқармаси ва ахборот ва маданият депортаменти қўллаб-қувватлайди.
Афғонистон университетлари ва мактабларида дарслар ўтган йилнинг август ойида «Толибон»* раликал ҳаракати томонидан ҳокимият эгаллаб олинганидан кейин тўхтатилган эди. 19 сентябрь куни кичик синфлар иш бошлади, бироқ дарсларга фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчилар қатнашишига рухсат берилди. Жорий йилнинг март ойида толиблар ҳукуматининг Таълим вазирлиги 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабга боришини тақиқлади, қизлар учун бошланғич синфлар очилди.
7 июн куни Таълим вазирлиги ижтимоий тармоқларда яқин ҳафталарда 12 ёшдан ошган қизлар учун мактаблар очиш ниятида экани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди. Шу билан бирга, 8 июнь куни ўша бошқарма ўқитувчилар учун етти минг иш ўрни яратиш режасини эълон қилиб, икки мингтасини аёллар банд этишини маълум қилди.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).