Тоғли Бадахшоннинг икки фуқароси чегарачиларга ҳужум қилишда айбланмоқда

"Бадахшон"телеканали кўрсатувидан кадр

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти икки фуқароси Зоҳир Додалиев ва Ниёзмамад Ниёзмамадов тожик чегарачиларига ҳужум қилганликда айбланган. Бу ҳақда «Бадахшон» вилоят телеканали хабар беради.

24 май куни Додалиев Афғонистон билан чегарада, Пянж дарёси яқинида ҳарбий хизматчилар у билан «тушунтириш суҳбати» ўтказгач, уларга ҳужум қилган. 27 май куни у маҳаллий мактабнинг икки ўқувчисини чегарачиларни калтаклашга кўндирган, бироқ улар қўлга олинган.

Телевидение хабарига кўра, 19 мактабда таъминот бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Ниёзмамадов маҳаллий аҳоли ўртасида ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан нафрат уйғотган ва аҳолини норозиликка чақирган. У ТБАВ Ишкашим тумани Дашт қишлоғида бир гуруҳ чегарачиларга ҳужум қилганликда ҳам айбланган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳодиса 14 ва 16 май кунлари Хоруғда Тожикистон хавфсизлик кучлари томонидан Помир норозиликларини бостириш натижасида юзага келган зўравонликлар авж олгандан кейин содир бўлган.

Расмийлар норозилик намойишлари ташкилотчилари деб журналист Улфатҳоним Мамадшоева, Тоғли Бадахшоннинг норасмий раҳбари Маҳмадбокир Маҳмадбокиров ва хорижда яшовчи мухолифат фаоли Алим Шерзамоновни эълон қилишди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида 200 га яқин одам «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган ва шу сабабли хавфсизлик кучларининг катта автоколоннаси Тоғли Бадахшон маъмурий марказига етиб бора олмаган. Хоруғ шаҳрида аксилтеррор операцияси бошланган. Натижада, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълумотларига кўра, 40 дан ортиқ маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.

22 май куни Хоруғда помирликларнинг норасмий раҳбари Мамадбокир Мамадбокиров ўлдирилган. Расмийларнинг айтишича, бу ҳодиса «ички жиноий жанжал» натижасида содир бўлган. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистон хавфсизлик кучлари Мамадбокировни отиб ўлдирган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ