Душанбеда судланган ҳуқуқ фаоли Иззат Омонга яна олти йил қамоқ жазоси беришди

Иззат Амон. Islamnews.ru сайти фотосурати

Ҳуқуқ ҳимоячиси Иззат Омон (Изатулло Холов)га нисбатан яна суд ҳукми эълон қилинди. 6 июнь куни Душанбенинг Исмоили Сомоний туман суди уни ўта йирик миқдордаги фирибгарлик бўйича янги жиноий иш бўйича 6 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда «Озоди» (Россия Федерациясида хорижий агент сифатида тан олинган «Озодлик» радиосининг тожик хизмати) хабар беради.

Ҳукм адвокат, Омоннинг яқинлари ва айблов вакиллари иштирокида эълон қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғли Маҳмадюсуф Холов судя ва прокурор иштирокида даъвогарга пул тўлашга тайёрлигини, бироқ «судя тезда ҳукмни эълон қилди ва ҳамма тарқалгани»ни маълум қилади.

Даъвогарнинг яқинларидан бирининг сўзларига кўра, у судланувчининг қариндошлари билан пулни суд залида тўғридан-тўғри қайтариб беришга ва шу йўл билан масалани ҳал қилишга келишган, бироқ «судя биров фикри билан қизиқмаган ва ҳукмни эълон қилган».

Маҳкумнинг яқинлари ҳукмга рози эмасликларини ва юқори инстанцияга шикоят қилишларини билдиришган.

49 ёшли Иззат Амон 2000 йиллардан бери Москвада яшаб, Тожикистон марказини бошқариб, тожик муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилган. 2021 йил март ойида у ҳибсга олинган, Россия фуқаролигидан маҳрум этилиб, Тожикистонга депортация қилинган. Тожикистон ҳукумати Амон фирибгарликда айбланиб, Душанбеда ҳибсга олинганини маълум қилди. Тергов маълумотларига кўра, Амон юридик ёрдамга муҳтож бўлган Тожикистон фуқароларини алдаб, пулларини ўзлаштирган.

Иззат Омон устидан ўндан ортиқ шахс адвокатни пул олиб, лекин юридик хизмат кўрсатмай, алдаганлиги ҳақида шикоят аризаларини ёзган. Даъвода кўрсатилган умумий пул миқдори 1 миллион Россия рублидан ортиқни ташкил этади. Ҳуқуқ ҳимоячиси ўз айбига қисман иқрор бўлиб, яқинлари ва адвокатига кўра, даъвогарларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаган. Шунга қарамай, суд уни 9 йилга озодликдан маҳрум қилди. Тожикистон Олий суди ҳукмни ўз кучида қолдирди.

Иззат Амон тарафдорлари унинг ишига «сиёсий тус берилган», деб ҳисоблашади: у ижтимоий тармоқларда Тожикистон расмийларининг сиёсатини фаол танқид қилган, республикадаги иқтисодиёт ва диний эркинлик ҳолати тўғрисида гапирган. 2019 йили у тожикистонлик меҳнат муҳожирлари манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий партия ташкил этилишини эълон қилганди.