Мозори Шариф ва Кобулда содир этилган тўртта портлашда ўнлаб одамлар ҳалок бўлди

25 май куни Мозори Шарифдаги портлашлар асорати. Ижтимоий тармоқлар фотосурати

25 май куни Афғонистон шимолидаги энг йирик шаҳар Мозори Шарифда кетма-кет уч марта содир этилган портлашлар натижасида ўнлаб одамлар ҳалок бўлди ва яраланди. Бу ҳақда Aamaj News хабар беради.

Аниқланишича, шаҳарнинг шиа кварталларидаги йўловчиларга тўла микроавтобуслар портлатилган.

TOLOnews телеканали Афғонистонда ҳокимиятни назорат қилувчи «Толибон»* радикал ҳаракати вакилларига таяниб, Мозори Шарифдаги ҳужумлар натижасида 9 киши ҳалок бўлгани, 15 киши яралангани ҳақида хабар берди. Бироқ, толиблар мамлакатда ҳокимиятни қўлга киритгандан сўнг мунтазам равишда террорчилик ҳужумлари қурбонлари сонини кам кўрсата бошладилар.

25 май куни кечқурун Кобулдаги Ҳазрати Закария масжидида яна бир теракт содир этилди.

Толиблар пойтахтда икки киши яраланганини маълум қилишди. Бироқ, ярадорлар ва ҳалок бўлганларнинг жасадлари олиб борилган шифохона беш киши ҳалок бўлгани ва 22 киши яралангани ҳақида хабар берди.

NBC телеканали хабарига кўра, «Ироқ ва Шом ислом давлати» (ИШИД) террорчилик гуруҳининг Афғонистондаги бўлими «ИШИД-Хуросон»* Мозори Шарифдаги ҳужумлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Ҳозирча Афғонистонда фаолият юритаётган террорчи гуруҳларнинг ҳеч бири Кобул масжидидаги портлаш учун жавобгарликни бўйнига олмади.

Афғонистонда сўнгги ҳафталарда шиалар ва диний муассасаларга қарши террор ҳужумлари кучайган.

13 май куни Кобулдаги Аюб Собир масжидида портлаш содир бўлди. Натижада 7 киши ҳалок бўлди, 17 киши жароҳат олди.

9 апрель куни Кобулдаги сўфийлар жоъмесида юз берган портлашда камида 20 киши ҳалок бўлди ва яраланди.

22 апрель куни шимолий Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб туманидаги суннийлар масжидида жума намози вақтида теракт содир этилди. Портлаш натижасида 33 киши ҳалок бўлди, 43 киши яраланди.

21 апрель куни террорчилар Мозори Шарифдаги шиалар масжидига ҳужум қилди. Маҳаллий манбалар 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ва 90 га яқини яраланганини маълум қилган, «Толибон» расмийлари эса қурбонлар сони камроқ эканини маълум қилган. Мозори Шарифдаги ушбу теракт учун жавобгарликни «ИШИД-Хуросон» террорчилик гуруҳи ўз зиммасига олди.

*Ташкилот РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ