Ўзбекистонда ўқитувчиларни касбий сертификатлаш тизими йўлга қўйилади

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистонда 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб кимё, биология, физика ва математика ўқитувчиларини касбий сертификатлаш бошланади. Бу ҳақда 25 май куни Президент иштирокида «Халқ таълимини 2022-2026-йилларда ривожлантириш миллий дастури» ижроси муҳокама қилинган йиғилишда маълум қилинди.

Дастурда ўзбекистонлик педагогларнинг билим даражаси ва касбий маҳоратини халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини баҳолаш 2024 йил 1 январга қадар якунланиши кўзда тутилган. Чет тиллари ўқитувчилари биринчи бўлиб сертификат олдилар.

Сертификат олган ўқитувчилар иш ҳақига қўшимчалар олиш ҳуқуқига эга, уларнинг миқдори ҳужжатнинг қийматига боғлиқ. Халқаро миқёсда тан олинган сертификатга эга ёки миллий баҳолаш тизимида олинган ва халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган ўқитувчиларга тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган, лекин халқаро стандартлар талабларига жавоб бермайдиган сертификат учун уларнинг тариф ставкасининг 20 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланиши кўзда тутилган. Чет тилидаги сертификат эгалари бундан мустасно: 2025 йил 1 январга қадар улар тариф ставкасидан 50%, кейинроқ эса 20% кўпроқ оладилар.

Қўшимча ҳақлар жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб тўлана бошланади.

Йиғилишда, жумладан мактабдан ташқари таълимни ривожлантириш ҳолати ҳам муҳокама қилинди. Президент «Баркамол авлод» мактаблари фаолияти ва инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича уларда STEAM тўгаракларини (Science – табиий фанлар, Technology – технологиялар, Engineering – муҳандислик, Art – санъат, Mathematics – математика) ташкил этишни назарда тутувчи беш йиллик дастур ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ