Хитой Ўзбекистонга ижтимоий лойиҳалар учун 37,5 миллион доллар грант ажратади

mift.uz сайти фотосурати

Хитой ҳукумати Ўзбекистонга ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш учун 250 миллион юан (37,5 миллион доллар) миқдорида беғараз ёрдам беради. Тегишли келишув 24 май куни имзоланди, деб хабар беради Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатни Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов ва Хитойнинг Тошкентдаги элчиси Цзян Янь имзолади. Қайд этилишича, ўтган келишувларга асосан икки томон соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа қатор тармоқларда лойиҳаларни амалга оширган.

ИТСВ матбуот хизматининг «Газета.уз»га маълум қилишича, амалдаги келишув грант ҳақида кетмоқда. «Пулни қаерга юборишни танлаш Хитой томонига тегишли. Мисол учун, агар бу тиббиёт муаммолари бўлса, унда маблағларнинг бир қисми Соғлиқни сақлаш вазирлигига ўтади. Ўзбекистон томони йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш, сув таъминоти ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳам ўз ичига олган пухта дастур тайёрлади», — дейилади вазирлик хабарида.

Шу йилнинг январь ойида Хитой раиси Си Цзиньпин Пекин яқин уч йилда Марказий Осиё давлатларига 500 миллион доллар беғараз ёрдам беришини, бу маблағ ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилишини айтган эди, деди Хитой ва минтақа давлатлари ўртасидаги муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган онлайн конференция чоғида. Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўша конференцияда Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилишини жорий йилда бошлашни таклиф қилганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ