Ўзбекистон ва Россия президентлари икки томонлама ҳамкорлик динамикасидан мамнун бўлдилар

SPUTNIK АРХИВ ФОТОСУРАТИ

Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин 24 май куни телефон орқали стратегик шериклик ва иттифоқчиликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди. Кремлнинг таъкидлашича, суҳбат Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган.

Суҳбат чоғида икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган.

«Ўтган йил ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Жумладан, март ойи охирида биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда апрель ойида Ўзбекистон пойтахтида янги минтақавий форматда ташкил этилган «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси доирасида икки томонлама тадбирлар муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди.

Ўзбекистон ва Россия етакчилари ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.

Томонлар минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашган, тафсилотлар келтирилмаган.

«Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтди», — деб ёзади давлат раҳбари матбуот хизмати.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ