Ўзбекистонда нефть ва газ соҳасини ўзгартиришни жадаллаштириш керак. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 24 май куни нефть ва газ қазиб олиш ва улардан олинадиган маҳсулотларни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилишда таъкидлади.
Давлат раҳбари трансформация жараёнига халқаро маслаҳатчиларни жалб этиш, стратегик ёндашувларни белгилаш, нефть-газ саноатида ҳисоб механизмларининг шаффофлигини таъминлаш бўйича топшириқлар берди.
«Корхоналарни молиявий соғломлаштириш, операцион самарадорликни ошириш орқали харажатларни қисқартириш, бошқарув тизимини илғор хорижий тажриба асосида ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Президент тармоқ раҳбарларига аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини ёқилғи-энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Табиий газ истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини тўлиқ ишга тушириб, йўқотишларни бартараф этиш чоралари белгиланди.
Йиғилишда ресурсларни тежаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни рағбатлантириш муҳимлиги таъкидланди.