Ўзбекистонда Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ташкил этилди

kp.kz сайти фотосурати

Ўзбекистон Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») тизимида Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази ташкил этилди. Бу ҳақда «Ўзбеккосмос» матбуот хизмати хабар беради.

Марказни ташкил этиш ҳукумат қарорида назарда тутилган. У давлат бошқаруви органларини маълум мавзу бўйича космик тасвирлар билан таъминлаш ҳамда космик фаолият натижаларидан ижтимоий-иқтисодий ва илмий соҳаларда, шунингдек, мудофаа ва хавфсизликни таъминлашда самарали фойдаланишга хизмат қилади

Марказ қуйидаги йўналишларда фаолият юритади:

👉 сунъий йўлдош аппаратлари орқали Ерни масофадан зондлаш, унинг маълумотларини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва узатиш;

👉 космик соҳага оид хизматларни кўрсатиш;

👉 космик соҳага илмий ва инновацион технологияларни кенг жалб этиш мақсадида мазкур соҳадаги илмий ва инновацион ишларни амалга ошириш;

👉 космик ва геоахборот технологиялари, шунингдек, учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида иқтисодиёт тармоқлари, мудофаа ва хавфсизлик соҳалари ҳамда ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш.

«Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, жисмоний ва юридик шахсларга космик мониторинг, сунъий йўлдош ҳамда учувчисиз учиш аппаратлари орқали Ерни масофадан зондлаш маълумотларини тақдим этиш ва космик соҳага оид бошқа хизматлар кўрсатиш ваколатига эга», — дея қўшимча қилади «Ўзбеккосмос» ходимлари.

«Ўзбеккосмос» 2019 йил августда президент қарори билан таъсис этилган. Агентликка коинот саноатининг айрим соҳаларини даромадли қилиш топширилган. Жумладан, «Ўзбеккосмос» коинот ва сунъий йўлдош технологияларини жорий этиш, давлат дастурларини ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа идоралар буюртмаларини бажариш, космик соҳа мутахассисларини тайёрлашда иштирок этиш учун тижорат компаниялари ва хусусий инвесторларни фаол жалб қилиши лозим. Шунингдек, Агентликнинг вазифалари қаторида манфаатдор вазирлик ва идораларга ер участкаларини ўзбошимчалик билан тортиб олиш, бино ва иншоотларни ноқонуний қуриш ҳолатларини аниқлашда кўмаклашиш ҳам белгиланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ