Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Ўзбекистондаги энг йирик хусусий нефт ва газ компанияси Sanoat Energetika Guruhi томонидан сотиб олинди. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги матбуот хизмати хабар беради.
Завод 100 миллион долларга сотилди. Харидор корхонани модернизация қилиш учун 380 миллион доллардан ортиқ сармоя киритиш мажбуриятини олган. Мажбуриятлар қаторида Евро-5 талабларига жавоб берадиган замонавий ва экологик тоза бензин ва дизел ёқилғиси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам бор. А-1 авиакеросин, суюлтирилган газ ишлаб чиқаришни кўпайтириш, мой блокларини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини камида 2 миллион тоннагача оширишни таъминлаш белгиланган.
Инвестицион мажбуриятларга қўшимча равишда, харидор қуйидаги ижтимоий мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
👉 ходимлар сонини камайтирмаслик (ходимларнинг узрли сабабларга кўра кетиши муносабати билан бўшатилган иш ўринлари бундан мустасно) ва ходимларнинг икки йил давомида бандлигини таъминлаш;
👉 транзакция ёпилган санада ходимларнинг иш ҳақини камайтирмаслик;
👉 жамоа шартномасининг асосий шартлари сақланишини таъминлаш;
👉 бошқа ижтимоий мажбуриятларни максимал даражада бажариш.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи нефтни қайта ишлаш бўйича Ўзбекистонда иккинчи ўринда туради. У 1959 йилда фойдаланишга топширилган. Ҳозир корхонада 60 турдаги нефт маҳсулотлари ва ёқилғи-мойлаш материаллари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотнинг қарийб 94 фоизи маҳаллий бозорга сотилади, қолгани экспорт қилинади. ФНҚЗ да 6500 га яқин киши ишлайди.
«Ўтган асрнинг 60 йилларида Фарғона заводи Ғарбий Сибир конларидан олинган хом ашё билан таъминланган ва собиқ советлар хомашёсини қайта ишлаш тизимининг бир қисми эди. Ўтган 20 йил давомида заводда бирорта ҳам модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмаган», — дейилади Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарида.
Норасмий маълумотларга кўра, 2000 йилларнинг бошидан Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотигача Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи Фарғона вилоятидаги бир қатор корхоналар сингари Гулнора Каримованинг амакиваччаси Акбарали Абдуллаев, онаси Тамара Собирова, Татяна Каримованинг синглиси ва унинг қўл остидагилар томонидан назорат қилинган.
Сўнгги йилларда Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини хусусийлаштиришга бир неча бор уринилди. Корхонага қизиқиш билдирганлар орасида, хусусан, Индонезиянинг PT Trans Asia Resources компанияси ва Россиянинг “Татнефт” компанияси ҳам бор эди.
Sanoat Energetika Guruhi МЧЖ, Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги энг йирик хусусий вертикал интеграциялашган нефт-газ компанияси ҳисобланади. У 103 та кондан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлиб, нефт қазиб олишнинг қарийб 80 фоизини ва тасдиқланган газ захираларининг қарийб 22 фоизини таъминлайди. Корхонада нафақат нефт ва газ, балки улардан юқори қўшимча қийматга эга бўлган бензин, дизел, нефт, авиакеросин ва бошқа бир қатор маҳсулотлар ишлаб чиқаради.