Толиблар ҳукумати Ташқи ишлар вазири ўринбосари аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди

Шер Муҳаммад-Аббос Станикзай (чапда). TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган «Толибон» радикал ҳаракати ҳукумати Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шер Муҳаммад-Аббос Станикзай аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга чақирди ва ҳукуматни мамлакатда «қизларнинг хавфсиз таълим олишини» таъминлашга масъул эканини таъкидлади. Бу ҳақда TOLOnews телеканали хабар берди.

Толибларнинг собиқ етакчиси мулла Ахтар Муҳаммад Мансурнинг вафоти йиллигига бағишланган йиғилишда сўзлаган Станикзай аёллар Афғонистон аҳолисининг ярмини ташкил этиши ва уларнинг ҳуқуқлари афғон маданияти ва исломий қадриятлардан келиб чиқиб ҳимоя қилиниши кераклигини айтди.

«Аёллар ўз меросини даъво ҳам қилолмайдилар. Улар таълим олиш ҳуқуқидан маҳрумдирлар. Шариат дарсларини қаерда ўқийдилар? Афғонистон аҳолисининг ярмини аёллар ташкил қилади», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, толиблар 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда ҳукмронлик қилган биринчи даврдагидан кўра кўпроқ вазмин бўлишларига ишонтирган бўлсалар-да, амалда аёллар ҳуқуқларини чеклай бошладилар.

Ўша даврда қизларнинг мактабга бориши, аёлларнинг ишлаш, ўқиш, спорт билан шуғулланиши, жамоат ишларида иштирок этиши тақиқланган эди. Аёллар учун паранжи кийиш мажбурий эди. Афғонистонда оммавий ахборот воситалари йўқ эди, телевидение, кино ва бошқа кўплаб кўнгилочар тадбирлар тақиқланган эди.

Ҳокимиятга қайтганидан сўнг, «Толибон» кўпчилик қизларни мактабда ўқишни тақиқлаб қўйди ва аёлларнинг давлат хизматида ишлашига чекловлар қўйди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Бунинг ўрнига Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлигини ташкил этилди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ