Ўзбекистонда 8 та янги уран кони ўзлаштирилиб, нодир металлар қазиб олиш кўпайтирилади

Уранли таблеткалар. Reuters фотосурати

Шавкат Мирзиёев 2022-2026-йилларга мўлжалланган алоҳида геология дастурини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар беради.

Хусусан, дастур доирасида 8 та янги кон ва 18 та истиқболли майдонларни ўзлаштириш, хориждан замонавий бурғулаш ускуналарини келтириш, рақамли геологик модел яратиш ҳисобига уран захираларини кўпайтириш кўзда тутилган.

Жаҳон бозорида уран таннархи муттасил ошиб бораётганини таъкидлаган Мирзиёев янги лойиҳаларда ушбу хомашёни қайта ишлаш ва қўшимча қийматли маҳсулотлар яратишга алоҳида эътибор қаратишни талаб қилди. Президент «Навоийуран» давлат корхонасини ўзгартириш ҳақида гапирар экан, у ерга хорижлик мутахассисларни жалб этиш, технологик жараёнларни такомиллаштириш зарурлиги ҳақида гапирди.

Ўтган йили Ўзбекистонда мис саноати кластери ташкил этилди. Тегишли дастурга мувофиқ, мис ишлаб чиқаришни икки баробарга ошириш, 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳузурида «Янги кон» лойиҳа офиси ташкил этиш, унинг устав капиталига 15 миллион доллар ажратиш мўлжалланган. Бу лойиҳа офиси литий, алюминий, магний, графит ва бошқа нодир металларни ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширади.

Белгиланган мақсадларга эришиш учун Ўзбекистонда малакали кадрлар зарур. Масалан, биргина Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси тизимига ҳар йили 300 нафардан ортиқ ўрта бўғиндаги замонавий билимларга, яхши даражадаги ахборот технологияларига ва чет тилларини биладиган мутахассислар талаб қилинади. Аммо бундай мутахассисларни тайёрлаш даражаси жуда паст.

Президент Зарафшон, Ангрен ва Ғузор техникумларида геология йўналишларини кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Ўзбекистон олтин, уран, мис, фосфорит, молибден заҳиралари бўйича жаҳонда етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. 2018 йил июль ойида Давлат геология қўмитаси Ўзбекистондаги фойдали қазилмаларнинг потенциал қиймати 5,7 триллион долларни, ўрганиб чиқилган захиралар қиймати эса қарийб 1 триллион долларни ташкил этишини маълум қилган эди. 2020-2024-йилларда мамлакат янги олтин конларини қидириш, баҳолаш ва қидиришга 230 миллион долларга яқин сармоя киритиш режалаштирилган. Уран конларида қидирув ишларига 59 миллион доллар сармоя киритилади. Ҳукумат шунингдек, мис, кумуш, қўрғошин, рух ва волфрам захираларини кўпайтиришини эълон қилди. Фойдали қазилма захиралари ўсишининг умумий қиймати 23,1 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ