Ғарб давлатлари элчихоналари Тоғли Бадахшондаги вазиятни юмшатишга чақирдилар

ТОҒЛИ БАДАХШОН АВТОНОМ ВИЛОЯТИНИНГ РУШОН ТУМАНИ. RFERL.ORG САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Европа Иттифоқининг Тожикистондаги делегацияси, Франция, Германия, Буюк Британия ва АҚШ элчихоналари Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) вазият кескинлашгани муносабати билан қўшма баёнот берди.

Дипломатик миссиялар минтақадаги ички кескинлик ва шиддатли тўқнашувлар тўғрисидаги хабарлардан чуқур хавотирда эканликларини билдирдилар ва барча томонларни «эскалацияни пасайтириш, ўзни тийиш ва ҳаддан ташқари куч ишлатиш ва зўравонликдан тийилишга» чақирдилар.

«Биз Тожикистон Республикаси ҳукуматини ҳуқуқ-тартибот идоралари қонунга қатъий риоя қилган ҳолда иш олиб боришини ҳамда хавфсизлик инқирози ҳолатларида ҳам инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишини таъминлашга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Дипломатлар таъкидлашича, «фуқаролар ва журналистларни жиноий жавобгарликка тортиш билан қўрқитиш, шунингдек одамларни маълумотларни олишдан чеклаш — мавжуд таранг вазиятни юмшатиш ва нормал ҳолатга қайтиш истиқболларига путур етказади».

«Биз одамларнинг ҳалок бўлганидан чуқур афсусдамиз ва уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз. Биз қурбонлар, жумладан, маҳаллий аҳоли ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига ҳамдардмиз», — дейилади баёнотда. Баёнот муаллифлари барча томонни мулоқот қилишга ва Тоғли Бадахшондаги можарони имкон қадар тез юмшатишга чақирган.

Май ойи ўрталарида ТБАВ маъмурий маркази бўлмиш Хоруғ аҳолиси митингга йиғилиб, ҳокимиятга бир қатор талаблар, жумладан, маҳаллий аҳолини қўрқитиш ва таъқиб қилишни бас қилишни талаб қилганидан сўнг, минтақадаги вазият кескинлашди. Расмийлар намойишчилар талабларини ноқонуний деб тан олиб, намойишларда қатнашиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишидан огоҳлантирган.

16 май куни намойишчилар Хоруғ марказидаги вилоят ҳокимлигига боришган, бироқ хавфсизлик кучлари уларнинг йўлини тўсиб қўйган. Улар намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ижтимоий тармоқларда расмийлар ҳарбий қурол ҳам қўллагани, натижада икки киши ҳалок бўлгани ва бир неча киши яралангани хабар қилинган.

18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида, ИИВ маълумотларига кўра, 200 га яқин одам «Душанбе-Хоруғ» автомобиль йўлини тўсиб қўйган, аксилтеррор операцияси бошланган. Вазирлик маълумотларига кўра, операция давомида куч тузилмаларидан бирининг ходими ҳалок бўлган, 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланган.

«8 нафар жангари йўқ қилинди, 11 нафари яраланди, террорчилик гуруҳларининг 70 дан ортиқ фаол аъзолари қўлга олинди. Уюшган жиноий гуруҳдан катта миқдордаги қурол-яроғ ва ўқ-дорилар, молотов коктейллари мусодара қилинди», — дейилади хабарда. Тинч аҳоли жабрланмаган, дея таъкидлайди Ички ишлар вазирлиги.

Шу билан бирга, Pamir Daily News Телеграм канали Вамардаги (Рушон туманининг маъмурий маркази, Рушоннинг иккинчи номи) манбаларига таяниб, ҳукумат қишлоқларда «оммавий тозалаш» олиб бораётганини хабар қилади.

«Қуролли одамлар уйларга кириб, барча эркакларни олиб кетишди. Ҳибсга олинганларнинг телефонлари олиб қўйилди, афтидан улар уруш жинояти фактлари эълон қилинишини хоҳламайдилар чоғи. Хонадонларнинг талон-тарож қилинганлиги, ҳарбийлар ташрифидан сўнг уйларда пул ва тиллалар йўқолиб қолганига доир тасдиқланган фактлар бор», — деб ёзади Pamir Daily News.

Телеграм-канал манбаларига кўра, расмийлар аксилтеррор операцияси давомида ҳалок бўлганларнинг 17 та жасадини маҳаллий аҳолига топширган. Уларда «қийноқ излари ва яралар» кўзда ташланган.

Вилоятдан келаётган хабарларни текширишнинг имкони йўқ, чунки ТБАВда интернет ва мобил алоқа ўчирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ