Тошкент бозорларида сотилаётган гўштнинг чорак қисми истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланган

Вmvl.ru сайти фотосурати

Тошкент шаҳар бозорларида йил бошидан буён истеъмолга яроқсиз 6,8 тонна гўшт ва гўшт маҳсулотлари аниқланган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси бошқарма бошлиғи Алишер Сафаров маълум қилди.

Унга кўра, январь ойидан Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларидаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораториялари томонидан 30,6 минг тонна гўшт, 103 минг тонна ўсимлик маҳсулотлари, 163,8 миллион дона тухум, 6,6 минг тонна сут ва сут маҳсулотлари текширилган.

«Аниқланишича, 6,8 тонна гўшт ва гўшт махсулотлари, 43,5 тонна ўсимлик, 89 минг дона тухум, 4,7 тонна сут ва сут маҳсулотлари истеъмолга яроқсиз бўлган ва ушбу маҳсулотлар савдодан четлаштирилган ва зарарсизлантириб йўқотилган», — деди Сафаров.

Шунингдек, у давлат раҳбарининг ПҚ-54-сон Қарор ижроси таъминлаш бўйича бугунги кунга қадар, 17,7 мингта ахоли хонадонларига 175,8 минг бош қўй ва эчки, 15,2 мингта хонадонларга 2,4 млн. бош парранда, 3,5 мингта хонадонларга 72,5 минг бош қуён ва 7,2 мингта хонадонларга 61,8 мингта асалари уялари тарқатилганини маълум қилди.

Мазкур қарорда маҳаллаларда паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик, наслдор қўй-эчки боқиш ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланиш истагини билдирган ташаббускор фуқароларни аниқлаш зарурлиги ҳақида сўз борди. Уларга «100 бош парранда, 5-10 бош курка, 20 бош қуён, 5-6 бош қўй-эчки, 5 бош асалари уяси» кўпайтиришни ташкил этишда кўмаклашиш топширилган.

Ҳукумат томорқаларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш аҳоли даромадларини ошириш ва ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга хизмат қилади, деган умидда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ