Тоғли Бадахшонда ўтказилган махсус операция чоғида бир аскар ҳалок бўлган, 13 нафари яраланган

Ижтимоий тармоқдан иллюстратив фотосурат

Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятида (ТБАВ) ўтказилган аксилтеррор операцияси чоғида ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг ходими ҳалок бўлди, 13 нафар ҳарбий хизматчи оғир яраланди, деб хабар беради республика ИИВ матбуот хизмати.

Вазирлик маълумотларига кўра, «200 га яқин одамдан иборат уюшган жиноий гуруҳлар» ТБАВнинг Рушон тумани марказидаги «Душанбе-Хоруғ автомобиль йўли ва чегара комендатурасини тўсиб қўйган. Қайд этилишича, уюшган жиноий гуруҳлар провокацияларга олдиндан тайёргарлик кўрган, бунинг учун улар «хориждан қурол олиб келган».

«Фуқаролар хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида мамлакатимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан террорчиликка қарши кураш амалиёти бошланди. Оқибатда 8 нафар жангари йўқ қилинди, 11 нафари яраланди. Уюшган жиноий гуруҳлардан катта миқдорда қурол ва ўқ-дорилар, «Молотов коктейллари» мусодара қилинди», — дейилади хабарда.

Ички ишлар вазирлиги таъкидлашича, махсус операция давомида тинч аҳоли вакиллари жабрланмаган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уюшган жиноий гуруҳларнинг қолган аъзоларини қуролларини ташлаб, таслим бўлишга чақирди, акс ҳолда «эртага кеч бўлиши»дан огоҳлантинди, дейилади ИИВ хабарида.

Шу билан бирга, Рушонлик манбалар ижтимоий тармоқларда хавфсизлик кучлари билан тўқнашувда 7 дан 11 гача тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини ёзмоқда. Маҳаллий аҳолининг хабар беришича, 16 майдан аҳоли катта ҳарбий колоннанинг Хоруғ шаҳрига ўтишига йўл қўймаслик учун «Душанбе-Хоруғ» йўли тўсиб қўйган.

Тоғли Бадахшондаги вазият расмийларнинг маҳаллий аҳоли томонидан илгари сурилган мухторият раҳбари Алишер Мирзонабот ва Хоруғ ҳокими Ризо Назарзодани ўз лавозимларидан четлаштириш, 2021 йил ноябрда уч кишининг ўлимига сабаб бўлган хавфсизлик кучлари ходимларини жазолаш талабларини бажаришдан бош тортганидан кейин кескинлашди. Расмийлар намойишчилар талабларини ноқонуний деб тан олди ва аҳолини намойишларда иштирок этиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишидан огоҳлантирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ