Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати ҳукуматининг Ички ишлар вазири Сиражуддин Ҳаққоний илк бор хорижий журналистлар — Американинг CNN телеканалига интервью берди. Ҳаққоний «Ҳаққоний тармоғи» террорчилик гуруҳи раҳбари, шунингдек, АҚШ томонидан энг кўп қидирилаётган йирик террорчилардан бири саналади.
Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг амалдаги раҳбарини қўлга олиш ёки йўқ қилишга ёрдам берадиган маълумот учун АҚШ расмийлари 10 миллион доллар пул мукофоти ваъда қилганлар.
CNN журналистининг Ҳаққоний билан суҳбати 17 май куни телеканал томонидан эълон қилинди. Унда «Толибон» ҳукуматининг Ички ишлар вазирлиги раҳбари Афғонистонда аёлларининг таълим олишига қарши чиқувчи «ҳеч ким йўқлигини» таъкидлади.
«Биз ишонамизки, таълим Парвардигор марҳамати бўлиб, у эркаклар ва аёллар учун вожибдур. Юқорида айтиб ўтганимдек, таълимга қарши бизда ҳеч ким йўқ», — деди у.
Толиблар Ички ишлар вазири «АҚШни ҳали ҳам «душман» деб ҳисоблайсизми?» деган саволга, радикал ҳаракат «уларга [америкаликларга] душман сифатида қарамаслигини» ва 2020 йил февралда Доҳаги келишувга содиқлигини айтди.
«Кичик аниқлик киритмоқчиман. Охирги 20 йиллик давр [толиблар томонидан] мудофаа жанглари бўлди. Доҳада тинчлик келишувига эришилгач, биз бу [20 йиллик можаро] ҳақида гапирмасликка қарор қилдик. Келажакда биз АҚШ ва халқаро ҳамжамият билан яхши муносабатларга эга бўлишни хоҳлаймиз», — деди Ҳаққоний.
Шунингдек, у Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани ҳукумати толибларнинг ҳокимиятни тинч йўл билан қўлга киритиш ҳаракатларига тўсқинлик қилгани, энди эса уларнинг душманлари «толиблар ҳақида ёмон миш-мишлар тарқатаётганини» айтди.
*Ташкилот Россия ва бошқа кўплаб мамлакатларда террорчи сифатида тақиқланган.