Эронда озиқ-овқат нархи ошишига қарши намойишлар чоғида бир киши ҳалок бўлди

Эрондаги намойишчилар. Niacouncil.org сайти фотосурати

Эрон шаҳарларида ўтган ҳафта охирида бошланган ва озиқ-овқат нархининг кўтарилиши туфайли ҳали ҳам давом этаётган намойишларда камида бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда The Guardian хабар беради.

Норозиликларга ҳукумат томонидан импорт қилинадиган буғдой учун субсидиялар қисқартирилиши сабаб бўлган, бу эса ун асосидаги турли асосий маҳсулотлар нархини 300 фоизга кўтарган. Президент Иброҳим Раиси ҳукумати ўсимлик ёғи ва сут маҳсулотлари каби асосий товарлар нархини ҳам оширди.

«Раиси, уял, юртни озод қил!», дея ижтимоий тармоқлардаги видеолардан бирида намойишчилар ҳайқирадилар.

Маҳаллий депутат Аҳмад Авайнинг ILNA ахборот агентлигига айтишича, нефт қазиб олувчи жануби-ғарбий Хузистон вилоятидаги Дизфули шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар чоғида камида бир киши ҳалок бўлган.

Давлат матбуоти, ўз навбатида, хавфсизлик кучлари Дизфулида 300 га яқин одамни тарқатиб юборганини, 15 нафари ҳибсга олинганини хабар қилди.

Нархларнинг кўтарилишидан норозиликнинг биринчи белгиси сифатида ўтган ҳафта Эрон оммавий ахборот воситалари интернет хизматларидаги узилишлар ҳақида хабар беришди, бу эса митинглар ташкил қилиш ва видеоларни тарқатиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тўхтатишга уринишдек туюлади.

14 май куни интернетни блокловчиларни мониторинг қилувчи NetBlocks ресурси Эроннинг MobinNet тармоғида кўп соатлик узилиш бўлгани ҳақида хабар берди. NetBlocks Twitterда «Интернетдаги узилиш норозилик намойишлари фонида телекоммуникациядаги узилишлардан биридир» дея хабар берган.

Россиянинг Украина ҳудудидаги махсус ҳарбий операцияси бошланганидан бери жаҳон бозорида буғдой нархи кескин кўтарилди. Халқаро ташкилотлар озиқ-овқат нархларининг кенг миқёсда ошишини башорат қилмоқдалар, чунки Украина ва Россия буғдой ва уннинг асосий етказиб берувчилари бўлиб, ҳарбий ҳаракатлар ва Россияга қарши санкциялар қўлланилиши туфайли ушбу маҳсулотларни етказиб бериш кескин камайди.

Эрон расмийлари, шунингдек, қўшни Ироқ ва Афғонистонга ун маҳсулотларини фаол экспорт қилаётган контрабандачиларни нархларни оширишда айблади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ