Сиёсий партиялар конституциявий ислоҳотларни бошлашга бел боғлади

"Миллий Тикланиш" аъзолари. mt.uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг икки сиёсий партияси фракциялари мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш жараёнини муҳокама қилиш учун қўшма йиғилиш ўтказишга келишиб олди. Бу ҳақда 16 май куни ЎзЛиДеП (Ўзбекистон Либерал-демократик партияси) ва «Миллий тикланиш» партиялари матбуот хизматлари хабар берди.

«Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида илгари сурилаётган кенг кўламли вазифалар, ҳусусан адолатли ва халқпарвар давлатни барпо этиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, қадр-қимматини янада самарали таъминлаш каби улуғвор мақсадлар уларни амалга оширишга зарур ҳуқуқий асосни таъминловчи Конституциявий маконни янада такомиллаштириш эхтиёжини кун тартибига кўймоқда.

Шу сабабли, бугун Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида депутатлар Бош қомусимиз – Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнини бошлаш таклифи билан чиқишди», — дейилади ЎзЛиДеП баёнотида.

«Глобаллашув, рақамлаштириш, жадал ўзгариб бораётган ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий жараёнлар, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларини модернизация қилиш конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотларни тақозо этади», — дея изоҳ беради «Миллий тикланиш» партияси.

Конституциявий ислоҳотлар борасида Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йил 6 ноябрь куни инаугурация маросимида айтиб ўтганди. Унинг таъкидлашича, «конституциявий ислоҳотлар кўплаб давлатларда туб ўзгаришлар даврида амалга оширилган».

Кейинроқ Мирзиёев янгиланган Конституцияда акс этиши керак бўлган асосий фикрларни айтиб ўтди. «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши, ёшларга оид давлат сиёсатининг акс этиши, болалар меҳнатига йўл қўймаслик масалалари, экологик муаммолар, фуқаролик жамияти институтларининг роли ва мавқеини кучайтириш ва бошқалар шулар жумласидандир. Шунингдек, айрим тузатишлар соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлади.

Ўзбекистоннинг амалдаги Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган. У бир неча марта ўзгартирилган. Хусусан, президентлик муддати етти йилдан беш йилга қисқартирилди, авваллари давлат раҳбари эгаллаган Вазирлар Маҳкамаси раиси лавозими бекор қилинди, Бош вазир лавозими таъсис этилди. Янги тузатишлардан иборат лойиҳа жорий йил охирида қабул қилиниши режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ