Фарғона вилояти аҳолисининг ташаббускорлиги ва миришкорлиги эвазига йил охиригача маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм (89 миллион доллар) қолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғонада бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.
Сўнгги йилнинг ўзида вилоятда 10 мингдан ортиқ кичик корхона ташкил этилган бўлиб, уларнинг аксарияти экспортга йўналтирилган.
Жумладан, Қувасой шаҳридаги «Кварц» корхонасида 70 миллион доллар инвестиция ҳисобидан, йилига 22 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Қўштепадаги «Глобал текстиль инфинити» корхонасида тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича 120 миллион евролик лойиҳа жадал амалга оширилмоқда. Корхона тўртинчи чоракда ишга тушиб, 3 мингта янги иш ўрни яратилади.
Учкўприк туманида Енгил саноат ва логистика маркази қурилмоқда. Унда 316 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та дўкон, 560 та савдо шохобчаси, шунингдек, иккита логистика маркази бўлади. Бу ерда 7,7 мингдан ортиқ киши доимий иш билан таъминланиши кутилмоқда. Мажмуада йилига 876 миллиард сўмлик (78 миллион доллар) маҳсулот ишлаб чиқарилади, экспорт ҳажми 18 миллион долларни ташкил этади.
Ўтган йил давомида Фарғона вилоятида экспорт ҳажми 44 фоизга ўсиб, 801 миллион долларни ташкил этди.
«Биз тўғри йўлни танлаб олдик, — деди Шавкат Мирзиёев. — Бу жойларда ўз натижасини бераяпти. Фарғона вилояти 801 миллион долларлик экспорт қилган. Иш бошлаганимизда 50 миллион долларни мўлжаллар эдик. Ҳозир 1 миллиард доллар экспорт тўғрисида гаплашяпмиз. Бу — вилоят маҳсулотлари дунё бозорига рақобатбардош бўлиб кириб боряпти, дегани. Бунинг учун ақл, билим, шижоат керак. Жорий йил якуни бўйича маҳаллий бюджетда 1 триллион сўм қолиши кутиляпти. Бунинг эвазига одамларга шароит, тадбиркорлик инфратузилмаси бўлади. Энди бу йўлни давом эттиришимиз керак».
Шу билан бирга, президент маҳаллий ҳокимиятлар фаолиятини танқид қилди.
«Бу ерга келишдан олдин қабуллар ташкил қилдик. Аҳоли мурожаатларининг 45 фоизи жойида ҳал қилинган. Бу яхши ва биз бу амалиётни давом эттирамиз. Лекин савол туғилади: ҳоким, сектор раҳбарлари нима қилган? Бундай масъулиятсизлик, одамларни овора қилишга чек қўйиш керак, — деди президент.
Унинг айтишича, жорий йилда Фарғона вилоятида аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ҳар бир маҳалланинг ихтисослашувини ривожлантириш, 147 минг нафар аҳолини иш билан таъминлаш мақсадида 1 триллион сўмдан ортиқ (89 миллион доллар) маблағ йўналтирилди.
«Ҳамма соҳада маҳалла тизимининг ролини оширяпмиз. Маҳалла халқнинг фикри дегани, халқнинг истаги дегани. Бунинг учун ҳуқуқий асос яратдик. Фарғона вилоятида 1062 та маҳалла бор. Ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача бирлашиб, тегишли ташкилотларни жалб этиб, одамларнинг оғирини енгил қилиши керак. Фарғона бу масала бўйичаям намуна бўлиши керак», — деди президент.
Давлат раҳбари таъкидлаганидек, маҳаллалар ривожи, ижтимоий масалаларни ҳал этишда таянч – тадбиркорлардир.
«Тадбиркорларга шароит яратсак, одамларга нафи тегади, ёшларни ўз ортидан эргаштиради. Тадбиркорни сийласак, у халқни сийлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоят тадбиркорларининг 183 та инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан қўшимча 23 миллион доллар йўналтирилиши белгиланди.
2022-2023-йилларда вилоятда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 31 триллион сўм (2,7 миллиард доллар) қийматидаги 1268 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шу билан бирга, «драйверлик» роли кимё, тўқимачилик, чарм, фармацевтика саноати, шунингдек, қурилиш материаллари саноатига юкланган.