«Ўздонмаҳсулот» давлат акциядорлик компаниясига қарашли 43 та корхонанинг барчаси янги бозор шароитида самарали ишлай олмасликларини кўрсатди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтди.
«Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган.
Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди. Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам.
Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида «Ўздонмаҳсулот» корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади. Энг ачинарлиси, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган», — деди давлат раҳбари.
Президент давлат ғалла корхонаси фаолият кўрсатаётган тизим ғалла ишлаб чиқарувчиларга ҳам, қайта ишлаш корхоналарига ҳам фойда келтирмаслигини таъкидлади.
«Шу боис, қишлоқ хўжалиги ислоҳотларини бошлаган давримизда дон етиштиришда давлат буюртмасини босқичма-босқич бекор қилиш ва ҳақиқий ғалла бозорини яратишни бундан уч йил олдин эълон қилган эдик.
Бугун халқимиз, фермер-деҳқонларимиз анчадан буён кутган ушбу ислоҳотларимизнинг янги босқичини бошлаймиз.
Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз», — деди Мирзиёев.
У фермер ва кластерларнинг биржада ғалла сотиши учун барча имкониятларни яратишга ваъда берди. Жумладан:
👉 давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилдаги 1 миллион 550 минг сўмдан жорий йил ҳосили учун 3 миллион сўмга, яъни 2 бараварга оширилади;
👉Қишлоқ хўжалиги жамғармаси харид қилган 1 миллион 783 минг тонна буғдой эҳтиёжга қараб ойма-ой биржага чиқарилади.
Бунда июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади. Мисол учун, август ойида 1 тонна ғалланинг биржа нархи 3,5 миллион сўм бўлса, фермерга яна 500 минг сўм тўлаб берилади. Бу мақсадларга жорий йилда давлатдан 6 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
👉фермерлар ихтиёрида қоладиган буғдойдан 500 минг тоннаси дон корхоналарида вақтинча сақлаш учун қабул қилинади ва 1 июлдан бошлаб илк бора фермер ва кластерларнинг ўзлари биржа савдоларига бозор нархида чиқаради;
👉 фермерлар 2022 йилги буғдой ҳосили учун айирбошлаш тўловларидан озод қилинади.
Шавкат Мирзиёев ғалла йиғим-терими билан шуғулланувчи фермер ва кластерларни биржада рўйхатга олишни ташкил этиш, уларга брокерлар бириктириш, биржа савдоларига ўқитиш бўйича масъулларга топшириқ берди.
«Барча ҳокимлар бир нарсани аниқ тушуниб олиши зарур. Нима учун биз фермерни биржага олиб чиқаяпмиз? Фермер биржага чиқиб, ўзи ғалласини мустақил сотса, унинг даромади ошади, ўз меҳнати натижасидан рози бўлади.
Келгусида давлат захирасига харид қилинадиган ғалла ҳам фақат биржадан сотиб олинади», — деди президент.
Бу йилги ғалла ҳосилини харид қилиш учун 7,6 триллион сўм (678 миллион доллардан ортиқ) йўналтирилмоқда. Янги иш тизими адолатли ва ошкора бўлиши, ҳар бир сўм фермер ва кластерларга ўз вақтида ва тўлиқ етиб бориши, маҳсулотлар нархи ошиши ва танқислигининг олдини олиш мақсадида кундалик назорат тизими жорий этилади.
Мирзиёев ғалланинг ҳақиқий эгалари фермер ва кластерлар эканини айтиб, мутасаддиларга туманда режа бажарилмаётгани, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик учун озуқа зарурлигини баҳона қилиб, фермерлардан ғалла тортиб олишни қатъиян ман этди.
«Ўздонмаҳсулот» компанияси ва хусусий корхоналарнинг айланма маблағларини тўлдириш учун 800 миллиард сўм (71,4 миллион доллар) миқдорида кредит ресурслари йўналтирилади.
Шунингдек, президент қуйидаги топширриқларни берди:
▶️ замонавий, ихчам, энерготежамкор ун ишлаб чиқариш корхоналарини сонини кўпайтириш,
▶️ ғалла етиштириш майдонларини кенгайтириш ва уларнинг ҳосилдорлигини ошириш,
▶️ ун ва ун маҳсулотларини чекка қишлоқларга етказиб бериш учун транспорт харажатларини қоплаш тизимини жорий этиш.
Ун ва ун маҳсулотларини мамлакатнинг бошқа ҳудудлари ва хориждан олиб кириш орқали бозорда танқисликнинг олдини олиш, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун вилоятлар ҳокимлари шахсан жавобгар бўлади.
Ғаллачилик корхоналарини хусусийлаштириш ҳам тезлашади: 1 августгача 20 та дон хўжалиги корхоналардаги давлат улуши савдога чиқарилади.