Мерган Зебо Ғаниева ва шоир Якуб Колас янги ўзбек-беларус фильмларининг қаҳрамонларидир

Зебо Ғаниева ва Якуб Колас. "Википедия"дан коллаж фотосурат

Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва «Беларусфильм» киностудияси ўртасида мерган Зебо Ғаниева ва шоир Якуб Коласга бағишланган фильмларни Тошкентда суратга олиш муҳокама қилинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар беради.

Муҳокамада Беларуснинг Ўзбекистондаги элчиси Леонид Маринич, Кино агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, «Беларусфильм» киностудияси директори Владимир Карачевский, киноижодкорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Снайпер қиз ҳақидаги бадиий фильм «Ўзбек қизи» деб номланади, суратга олиш ишлари ўтган йили бошланган. Фильмда Айсен Юсупова, Зулхумор Мўминова, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Фарҳод Худойбердиев ва бошқа актёрлар суратга тушган.

Зебо (Зиба) Ғаниева 1923 йил 20 августда Шемаха (Озарбайжон) шаҳрида туғилган, отаси озарбайжон, онаси ўзбек. 1937 йилда қиз 15 ёшга тўлганида онаси қатағонга учрайди, деб ёзади «Культурология» нашри. Тайзиққа учраган ота қизини қутқариш учун ота-оналик ҳуқуқидан воз кечади.
Зебо Тошкентга жўнаб кетади ва у ерда маҳаллий филармониянинг хореография бўлимига ўқишга киради. 1940 йилда у ГИТИСнинг (Москва) актёрлик бўлимига ўқишга киради. Уруш бошланганда Ғаниева ўз ихтиёри билан фронтга жўнайди, отиш курсларига ўқишга киради ва мерган бўлади. Унинг ҳисобида — 129 рақиб бўлган.
Урушдан кейин Зебо Ғаниева озарбайжонлик дипломатга турмушга чиқади ва профессор, шарқшунослик фанлари доктори даражасига етади. У 2010 йилда вафот этган.

«Якуб Колас: Тошкент ҳаёти китоби» фильми ҳужжатли фильм бўлади, деб хабар беради Tvr.by. У 1941 йилда оиласи билан Тошкентга эвакуация қилинган Беларус халқ шоирига бағишланган. Фильм Беларус ва Ўзбекистон архивларидан олинган хроника лавҳалари асосида яратилган.

«Якуб Колас ўзбек адабиётида, ўзбек маданий ҳаётида шахс сифатида жуда муҳим ўрин тутади. Икки йилдан ортиқ Ўзбекистон пойтахти – Тошкентда яшаб ижод қилди. Ҳали ҳеч қаерда кўрсатилмаган ўзига хос бир кадр бор: Тошкентдаги Қизил Армия уйида ўзбек, беларус ва рус шоирларининг ижодий учрашуви бўлиб ўтади. У ерда Якуб Колас бўлган, Ҳамид Алимжон билан бирга беларус ва ўзбек тилларида шеърлар ўқишган», — дейди ҳужжатли ва кинохроника киностудияси директори Фурқат Усмонов.

Якуб Колас таваллудининг 140 йиллигига бағишланган фильм премераси ноябрь ойида «Лістапад» кинофестивалида тантанали тақдимот билан ўтказилиши режалаштирилган.

Тошкентда бўлиб ўтган икки давлат кинематографларининг учрашувида сўнгги уч йилдаги ҳамкорлик якунлари сарҳисоб қилинди. «Беларусфильм» киностудияси кўмагида Ҳилол Насимовнинг «Мерос», Жаҳонгир Аҳмедовнинг «Илҳақ», Иброҳим Расуловнинг «Муҳаббат баҳори» фильмлари суратга олингани маълум қилинди. Яқинда Совет Иттифоқи Қаҳрамони, Фарғона вилоятида туғилган, Улуғ Ватан уруши йилларида Белоруссиядаги урушларда қатнашган, разведкачи партизан Мамадали Топволдиев ҳақида «Осиё шери» фильмини суратга олиш ишлари бошланди.

Учрашув доирасида киноижодкорлар Элёр Ишмуҳамедов юбилейини ҳам нишонладилар – таниқли ўзбек кинорежиссори 80 ёшга тўлди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ