Толиблар этноконфессиялар етакчилари иштирокида саммит ўтказиш режасини қилдилар

TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* ҳаракати Афғонистоннинг таниқли диний ва сиёсий арбоблари, шунингдек, этник гуруҳлар делегатлари иштирокида вакиллик саммитига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ariana News телеканали хабар берди.

Саммитнинг аниқ санаси ҳозирча ошкор этилмаган. Телеканал интервью берган сиёсатчиларга кўра, бу учрашув жуда фойдали бўлади, чунки Афғонистон учун бир қатор муҳим муаммоларга ечим таклиф қилиниши мумкин, жумладан, толибларга қарши кучлар ва хорижий ҳукуматлар талаб қилаётган коалицион ҳукумат тузиш таклиф қилиниши мумкин.

Афғонистон Миллий Бирдамлик Ҳаракати раиси Сайид Ишоқ Ғилонийнинг (Sayed Ishaq Gilani) телеканалга айтишича, таниқли этник, сиёсий ва диний делегатлар иштирокида саммит ўтказилиши — коалиция ҳукуматини тузиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мумкин. «Афғонистон жиддий муаммоларга дуч келмоқда, чунки мамлакатда ҳали ҳам жамиятнинг барча қатламларини ифодаловчи қонуний ҳукумат мавжуд эмас», — деди у.

Гилонийнинг сўзларига кўра, «барча қабилалар ҳукумат таркибига кирса, афғонлар толибларни ҳукмдор сифатида тан олади ва бу бутун дунё билан алоқа ўрнатишга йўл очади».

Сиёсатшунос Халил Аҳмад Надим таъкидлаганидек, ўтган йил август ойида толиблар ҳокимият тепасига келганидан бери миллий муаммоларни ҳал қилиш учун инқироз даврида анъанавий равишда йиғиладиган Лоя Жирга, яъни бутун афғон оқсоқоллар кенгашини ташкил этиш таклифи янграмоқда. Бироқ унинг чақирилишига толибларнинг ўзи қарши чиқди.

«Агар Кобулда режалаштирилаётган учрашув толиблар билан алоқадор диншунослар иштирокида ўтказилса, унинг таъсири минимал бўлиши аниқ», — дейди Надим.

Эслатиб ўтамиз, гарчи баъзи давлатлар алоқа ўрнатгани билан Афғонистондаги толиблар ҳукумати ҳеч бир давлат томонидан расман тан олинмаган. Жумладан, Россия, Хитой ва Покистон «Толибон» ҳаракатининг элчиларини аккредитация қилган. Айрим хорижий компаниялар ҳам толиблар билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўймоқда.

Шу билан бирга, «Толибон» билан ҳамкорлик қилаётган давлатлар ҳам улардан мамлакатдаги турли этник-сиёсий кучлар вакиллари ва аёллардан иборат коалицион ҳукумат тузишни талаб қилишади. Айни пайтда толиблар томонидан тузилган Афғонистон ҳукумати аъзоларининг катта қисми радикал ҳаракат аъзолари бўлган пуштунлардан иборат.

Январь ойида толиблар делегацияси Эронда «Толибон»га қарши қуролли қаршилик кўрсатаётган кучлар етакчилари билан учрашди. Бироқ, бу учрашув ҳеч қандай амалий натижа бермади. Айни дамда Афғонистонда, хусусан Панжшер вилоятида «Толибон»га қарши қаршилик кучлари ўртасида жанговар ҳаракатлар давом этмоқда.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ