Пентагон Афғонистонда «Ал-Қоида»нинг қайта жонланиши мумкинлигини маълум қилди

. Report.az сайти фотосурати

«Ал-Қоида»* ва «Ислом давлати»* террорчи гуруҳларининг Афғонистондан ташқарида ўзини тиклаб, фаолият юритиши учун учун бир йилдан кўпроқ вақт керак бўлади. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазирлиги разведка бошқармаси директори, армия генерал-лейтенанти Скотт Берриер АҚШ Конгресси Сенатининг Қуролли кучлар қўмитасидаги мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилди, деб ёзади ТАСС.

«Бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, «ИШИД»га бир йил, «Ал-Қоида»га эса бундан ҳам кўпроқ вақт керак бўлади», — дейди Берриер.

Унинг сўзларига кўра, Афғонистонда ҳокимият тепасида турган толиблар мамлакатда «Ал-Қоида»нинг қайта тикланишига йўл қўймаслик ҳақидаги ваъдасини «маълум даражада» бажармоқда.

Шу билан бирга, у Америка ҳарбий разведкаси раҳбариятини «Ислом давлати»нинг маҳаллий бўлими – «ИШИД-Хуросон»* кўпроқ ташвишга солаётганини таъкидлади.

«Мени кўпроқ Афғонистондаги «ИШИД-Хуросон» гуруҳи, уларнинг мамлакатда терактлар содир этишга муваффақ бўлганидан хавотирдаман. Бу келажак учун ёмон аломатдир», — дейди разведка бошқармаси бошлиғи.

Бундан олдин, ўтган йил декабрь ойида АҚШ Марказий қўмондонлиги (CEНТCОМ) раҳбари генерал Кеннет Маккензи Афғонистонда толиблар ҳокимиятни қўлга киритгач, мамлакат чегараларида назорат йўқлиги сабабли «Ал-Қоида» жангарилари сони ортиши мумкинлигини тахмин қилган эди. У, шунингдек, «ИШИД-Хуросон» фаолиятининг фаоллашганига ишора қилди.

Таъкидлаш жоиз, ўнгги ойларда ИШИД террорчилари Афғонистондаги масжидлар ва бошқа фуқаролик объектларига, шунингдек, «Толибон» жангариларига ҳужумларини кучайтирган. Бундан ташқари, 7 май куни «ИШИД» Тожикистон ҳудудига ракета зарбалари берган. Бунгача апрель ойида жиҳодчилар Ўзбекистон Термизини ўққа тутгани ҳақида хабар берилган эди, гарчи Ўзбекистон ҳукумати бу маълумотни рад этган бўлсада.

Толиблар ҳукмронлигининг биринчи даврида — 1996 йилдан 2001 йилгача Афғонистонда «Ал-Қоида» очиқ жойлашган ва ўз жангарилари учун машғулотлар ўтказган. Айнан «Ал-Қоида» базаларининг мавжудлиги 2001 йил кузида Ғарб давлатлари кучларининг Афғонистонга бостириб киришига асосий сабаб бўлганди. 2021 йил ёзида Америка ва бошқа хорижий қўшинлар ушбу мамлакатдан олиб чиқиб кетилганидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден америкаликлар ўзларининг асосий мақсади – Афғонистон ҳудудида «Ал-Қоида»ни мағлуб этишга эришганларини айтди.

*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи деб тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ