Ўзбекистонлик гимнастикачи, Олимпиада ўйинларида иштирок этиш сони бўйича рекорд ўрнатган 46 ёшли Оксана Чусовитина 2024 йилги Олимпиадага тайёргарлик кўришга қарор қилди. Бу ҳақда у Ўзбекистон Олимпия қўмитаси матбуот хизматига маълум қилди.
У иштирок этиши керак бўлган 2022 йилги Осиё ўйинларининг қолдирилгани спортчининг режаларига қандай таъсир қилганига доир саволга Чусовитина фаолиятини давом эттиришини айтди.
«Мен яхшилаб ўйлаб кўриб, Осиё ўйинларидан сўнг 2024 йили Парижда бўладиган Олимпиадага ҳам тайёргарлик кўраман, деган қарорга келдим», – дейди спортчи.
Чусовитина, шунингдек, медалларини ҳисобламаслигини таъкидлади.
2021 йили гимнастикачи фаолиятини Токио-2020 Олимпиадасидан кейин якунлашини эълон қилди, аммо фикрини ўзгартирди ва 2022 йилда Хитойда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига тайёргарлик кўра бошлади, чунки унинг сўзларига кўра, у фаолиятини «Ўзбекистон учун медал олмасдан» якунлай олмайди. Аммо мусобақа коронавирус пандемияси сабабли номалум муддатга қолдирилди.
Париж-2024 Олимпиадаси Чусовитина фаолиятидаги тўққизинчи халқаро тадбир бўлиши мумкин. Мусобақалар пайти гимнастикачи 49 ёшда бўлади.
Оксана Чусовитина спортда узоқ фаолият кўргани учун журналистлардан «гимнастика бувиси» лақабини олган. У ўз фаолиятини 1991 йилда СССР терма жамоаси аъзоси сифатида бошлаган ва 1992 йили Олимпия ўйинларида Собиқ СССР мамлакатлари бирлашган терма жамоаси таркибида жамоавий чемпионатда олтин медални қўлга киритган. Фаолияти давомида СССР, Германия ва Ўзбекистон терма жамоаларида ўйнаган, уч карра жаҳон чемпиони ва Европа чемпиони бўлган.
Чусовитина гимнастика тарихида саккизта ёзги Олимпия ўйинларида қатнашган ягона шахс бўлиб, унинг номи Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. 2017 йил май ойида у Халқаро гимнастика шон-шуҳрат залига (International Gymnastics Hall of Fame, IGHOF) киритилди ва шу кунгача юқори натижаларни кўрсатишда давом этмоқда.