Ўзбекистон президенти Қозоғистон билан коинот соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлади

Ерни масофадан зондлаш тизими. Spaceres.kz сайти фотосурати

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари ўртасида коинотни тадқиқ қилиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Битим 2021 йил 6 декабрь куни Нур-Султон шаҳрида Ўзбекистон Президентининг Қозоғистонга давлат ташрифи доирасида имзоланган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик қиладилар:

👉 космик соҳанинг турли йўналишлари бўйича кадрларни тайёрлаш;

👉 космик фан ва космик тадқиқотлар, шу жумладан астрофизик тадқиқотлар ва сайёраларни ўрганиш;

👉 Ерни масофадан зондлаш;

👉 космик аппаратлар, ракеталар ва бошқа космик қурилмаларни ишлаб чиқиш;

👉 ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш;

👉 космик кемалар ва илмий асбоб-ускуналарни учириш;

👉 сунъий йўлдош алоқа тизимлари, радиоэшиттириш ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик;

👉 космик муҳитни муҳофаза қилиш, шу жумладан унга техноген таъсирни назорат қилиш, олдини олиш ва камайтириш;

👉 космик саноатда стандартлаштириш;

👉 янги космик техника ва технологияларни яратишда биргаликдаги фаолият натижаларидан фойдаланиш;

Битим доирасидаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишлари томонларнинг ваколатли органлари – Қозоғистон Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги («Ўзбеккосмос») ўртасидаги ўзаро келишув асосида белгиланади.

  • Тошкентда Тимур Д'Ватцнинг «Аркадия ҳақидаги орзулар» кўргазмаси бўлиб ўтди

  • Марказий Осиё давлатлари ва Хитой ўртасида деярли ҳамма нарса яхши, бироқ ҳаммаси ҳам кундек ойдин эмас

  • Исроилнинг Эронга ҳужуми ядровий таҳдидни тинч ва куч ишлатиш йўли билан ҳал этиш сценарийларига таъсир қилгани ҳақида

  • Қирғизистон жанубида юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлган миллатлараро можарога 15 йил тўлди