Туркиянинг Turkish Airlines миллий авиакомпанияси 7 июндан бошлаб Истанбулдан Бухорога рейсларни йўлга қўяди. Бу ҳақда авиакомпания бош директори Билол Экши маълум қилди.
Turkish Airlines веб-сайтида сешанба ва жума кунлари амалга ошириладиган Истанбул — Бухоро — Истанбул йўналиши бўйича тўғридан-тўғри рейслар учун чипталар мавжуд. Парвозлар Airbus-321 самолётларида амалга оширилади.
Истанбулдан жўнаб кетиш 01:30 (кейинги ўринларда маҳаллий вақт кўрсатилган), етиб келиш соат 07:40 га мўлжалланган. Саёҳат вақти 4 соат 10 минут. Чипталар нархи 245 доллардан бошланади.
Қарама-қарши йўналишда самолёт соат 9:10 да учиб, Истанбулга 11:50 да келади. Парвоз давомийлиги — 4 соат 40 дақиқа, чипта нархи — 234 доллардан.
Spot хабарига кўра, 9−10 май кунлари Turkish Airlines Истанбулдан Ўзбекистоннинг турли шаҳарларига рейслар сонини кўпайтирган: Тошкентга ҳафтада 17 та, Самарқандга 4 та, Фарғонага 3 та, Урганчга (16 майдан) 2 та рейс амалга оширилади.
Аввалроқ Uzbekistan Airways «Бухоро-Истанбул-Бухоро» йўналиши бўйича мунтазам қатновлар йўлга қўйилгани ҳақида хабар берган эди. Парвозлар 15-майдан бошлаб ҳафтасига икки марта пайшанба ва якшанба кунлари амалга оширилади.
1 апрелдан Ўзбекистон авиакомпанияси Самарқанддан Истанбулга парвоз қила бошлади. Компания Тошкентдан йўловчиларни кунига икки марта Истанбулга етказиб беради.