Ўзбекистон Фаластин ва Исроилни Шарқий Қуддусда кескинликни кучайтирмасликка чақирди

xs.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Шарқий Қуддусда сиёсий вазият ёмонлашганидан хавотир билдирди. Бунга доир баёнотни Республика Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати эълон қилди.

«Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазият кескинлашганидан жиддий хавотир билдиради. Биз томонларни кескинликни кучайтирмасликка ва можарони тезроқ бартараф этиш учун барча зарур чораларни кўришга чақирамиз», — дейилади баёнотда.

Вазирлик Фаластин-Исроил муаммосини ҳал қилиш халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг аввал қабул қилинган резолюциялари ва «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида амалга оширилиши зарурлигини таъкидлади.

Ўзбекистон томонларни ихтилофни мулоқот ва дипломатия йўли билан ҳал қилиш учун вазминлик ҳамда сиёсий ирода кўрсатишга чақирди.

Исроилдаги вазият март-апрель ойларида 14 киши – исроиллик ва икки Украина фуқаросининг ҳаётига зомин бўлган бир қатор терактлардан сўнг кескинлашди, деб эслайди «Коммерсант». 7 апрель куни Тел-Авивдаги терактдан кейин Исроил Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида аксилтеррор операциясини бошлади. Ўнлаб одамлар ҳибсга олинди, олти фаластинлик ҳалок бўлди.

Апрель ойи ўрталарида Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудида фаластинликлар ва исроиллик полициячилар ўртасида тўқнашувлар юз берган ва 150 киши жароҳатланган эди. Эслатиб ўтамиз, тартибсизликлар мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойида содир бўлган ва яҳудийларнинг Песах байрамига тўғри келган.

5 май куни Элад шаҳридаги истироҳат боғида дам олувчиларга ҳужум уюштирилган, кейин уч киши ҳалок бўлган, тўрт киши яраланган. Ўша куни кечқурун Исроил Бош вазири Нафтали Беннет хавфсизлик бўйича маслаҳатлашув ўтказди ва унда у шундай деди: «Душманларимиз яҳудийларни қаерда бўлмасин ўлдириш учун кампания бошладилар. Мақсад бизнинг руҳимизни тушириш, лекин улар муваффақиятсизликка учрайди. Террорчилар ва уларнинг шерикларини ушлаймиз, бадалини улар тўлайди».

Уч кундан кейин Беннет террорчилар қўлга олинганини эълон қилиб, бу ишлар етарли эмаслигини таъкидлади. Унга кўра, мамлакатда миллий фуқаролик гвардияси тузилади, полиция ноқонуний муҳожирларга қарши курашни кучайтиради.

«Шуни аниқ айтмоқчиманки, террорга қарши уруш ҳақида гап кетганда ҳеч қандай сиёсий мулоҳазалар йўқ ва бўлмайди ҳам. Албатта, Маъбад тоғи ва Қуддус билан боғлиқ барча қарорлар шаҳарда суверен бўлган Исроил ҳукумати томонидан учинчи томоннинг фикрисиз қабул қилинади. Биз, албатта, Исроил ҳукумати қарорларига ташқи аралашувни рад этамиз»,деди Беннет.

Бош вазир қўшимча қилди: «Исроил Қуддусдаги барча дин вакилларига ҳурмат билан муносабатда бўлишда давом этади. Биз буни қандай қилдган бўлсак, бундан кейин ҳам шундай қиламиз. Бирлашган Қуддус фақат бир давлатнинг, Исроил давлатининг пойтахти ҳисобланади».

Фаластин миллий маъмурияти Беннет баёнотини кескин қоралади.

«Бу баёнотлар ёлғон, улар чалғитувчи. Шарқий Қуддус, унинг мусулмон ва насроний зиёратгоҳлари Фаластин давлатининг абадий пойтахти ҳисобланади. Буни Фаластиннинг босиб олинган ҳудуди деб тан олган халқаро резолюциялар ҳам тасдиқлайди», — дея News.Ru.Co.il ФА раиси маслаҳатчиси Набил Абу Рудейн сўзларидан иқтибос келтиради.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ