Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракатининг Панжшер вилоятидаги гуруҳи Миллий қаршилик фронти (МҚФ) кучлари билан бўлиб ўтган қизғин жанглардан сўнг 5 минг жангаригача оширилди. Бу ҳақда TOLOnews телеканали толибларнинг Панжшер маъмурияти вакили Абубакар Седиқийга (Abubakar Sedeqqi) асосланиб хабар берди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу вилоятда МҚФ кучлари ва толиблар ўртасида кескин тўқнашувлар 6-майдан 7-майга ўтар кечаси содир бўлган эди. Натижада қаршилик кучлари ўтган йилнинг сентябрь ойидан бери биринчи марта бутун бир туманни ўз назоратига олишга муваффақ бўлди. Улар Дара туманида «Толибон» қўшинларини қисман йўқ қилишга, тор-мор этишга муваффақ бўлишди.
Седиқий сўзларига кўра, жанглар натижасида толиблар беш нафар жангчисини йўқотган, икки нафари яраланган. Шунингдек, унинг аниқлик киритишича, ўлганлар жасадлари туғилиб ўсган вилоятларига кўмилиш учун юборилган. Шу билан бирга, Миллий қаршилик фронти ўз жангарилари 22 нафар «Толибон». жангчисини ўлдириб, олти нафарини асирга олганини даъво қилмоқда. Ўз навбатида қаршилик кучлари олти нафар жангчи ҳалок бўлганини тан олди. Седиқийнинг даъво қилишича, толиблар камида 10 МҚФ жангчисини ўлдиришга муваффақ бўлган. Таъкидлаш жоиз, дастлаб толиблар 6—7-май кунлари Панжшерда фаол жанглар бўлганини умуман рад этганди.
Ҳозирда Дара туманини ким назорат қилаётгани ҳақида бир-бирига қарама-қарши хабарлар бор. Панжшердаги толиблар ҳукумати тумандаги вазият устидан назорат ўрнатганини даъво қилмоқда. Миллий қаршилик фронти вакилларининг сўзларига кўра, улар назорат зонасини Дарага туташ туманларга кенгайтирган.
Aamaj News хабарига кўра, толиблар Панжшерда МҚФ кучлари томонидан мағлубиятга учрагандан сўнг саккиз нафар тинч аҳолини қаршилик кучлари билан алоқада бўлганликда айблаб, ҳибсга олган, қийноққа солган ва ўлдирган. Ўлганлар орасида аёл киши ҳам бўлгани аниқланган.
*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).