Психологлар: Таълим олиши чекланган афғон ўқувчи қизлари стресс ҳолатига туша бошлаганлар

Афғон мактабида қизлар учун кириш жойи.TOLOnews сайти фотосурати

Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон»* радикал ҳаракати томонидан таълим олишига рухсат берилмаган афғон ўқувчи қизлари стресс ҳолатига туша бошлаганлар. TOLOnews телеканали журналистларига интервью берган афғон психологлари мана шундай фикр билдирганлар.

«Кимдир бирор нарсани ёқтирсаю ва кимдир буни амалга оширишга тўсқинлик қилса, бу ҳолат руҳий стресс ва хавотирни келтириб чиқаради. Таълимни яхши кўрадиган, лекин ўқишига рухсат берилмаган қизлар психологик босимга дучор бўлишмоқда», — дейди телеканалга афғон психологи Жамшид Раса (Jamshid Rasa).

Социологларнинг таъкидлашича, «Толибон»нинг қизлар ўқишини тақиқлаши Афғонистонда эрта ва мажбурий никоҳларнинг кўпайишига замин яратиши мумкин.

«Қизларнинг ўрта мактабда ўқишини тақиқлаш мажбурий никоҳларнинг кўпайишига олиб келади», — дейди афғон социологи Баҳоуддин Бақайи (Bahauddin Baqayi).

Эслатиб ўтамиз, янги ўқув йили, яъни 2022 йил 23 мартдан бошлаб барча ёшдаги қизларнинг таълим олиши мумкинлигига доир кўплаб ваъдаларга қарамай, «Толибон» ҳаракати фақат бошланғич синф ўқувчи қизларининг мактабга боришига рухсат берди. Ўрта ва юқори синф ўқувчи қизларининг мактабга бориши тақиқланди. Шу билан бирга, барча ёшдаги ўғил болаларнинг билим олишига рухсат берилди.

Бундан ташқари, толиблар Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритгач, аёлларни сўнгги йигирма йил ичида қўлга киритган ҳуқуқларидан маҳрум қилдилар, уларни ҳар томонлама чеклай бошладилар. Радикаллар қизлар ва аёлларнинг спорт билан шуғулланишини ҳам тақиқлаб қўйдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ